Ўзбекистон янгиликлари

Қабулга келган фуқаролар фаолиятдан мамнун

Бугун, 15 март чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари турли ҳудудлардан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаати ва таклиф-мулоҳазаларини тингладилар.
Қабул жараёнида фуқароларнинг масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, ҳаж-умра масалалари, оилавий муносабатлар, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид таклиф-мулоҳазалари кўриб чиқилди.
Қувонарлиси, ҳудудлардаги масжид қавмлари ва фуқаролар диёримиз уламолари, имом-хатиблари фаолиятидан мамнун эканларини ҳам изҳор этиб, ўз миннатдорликларини билдирдилар.
Жумладан, Самарқанд вилояти Пайариқ туманида яшовчи Қаршибой ота Саримсоқов диний соҳадаги ишлардан хурсанд эканини айтиб, яқинда бўлиб қайтган умра сафари давомида тинимсиз дуолар қилганини сўзлади.
Шунингдек, қабулга келган таниқли Салим ҳаттот юртимизда ҳаттотлик санъатини ва яна бир фуқаро эса медиа соҳасини ривожлантириш борасидаги амалий таклифларини тақдим этди.
Якунда, мурожаатлар ва таклиф-мулоҳазалар юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар қилиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Мана шундай қабул жараёнлари Муфтий ҳазратларининг ташаббуслари билан мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1009 times

Янгиликлар

Top