Ўзбекистон янгиликлари

Мўмин киши умрида бир марта бўлса ҳам муқаддас Каъбани зиёрат қилишни орзу қилади. У бу йўлда узоқ йиллар тоат ва ибодатда бўлиб, шундай саодатли онларни интиқлик билан кутади.

2023 йил — мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили, деб эълон қилинди. Албатта, бу юртимизда инсон қадри нақадар улуғ эканидан далолатдир. Қолаверса, мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш борасида алоҳида тизим шакллангани ҳам таҳсинга лойиқдир. Энг муҳими, бу каби хайрли ишлар диёримизда қадрият сифатида эъзозланиб, бугунги кунда энг устувор вазифа сифатида белгиланмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўриш ва эшитишда имконияти чекланган инсонлар қалбига қувонч улашиш мақсадида, доимий равишда учрашувлар ташкил этиб келади.

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан кўриш ва эшитишда имконияти чекланган фуқароларнинг 34 нафари Умра сафарига юборилгани ҳам ана шундай хайрли ташаббусларнинг узвий давоми бўлди. Сафар харажати эса мазкур фуқароларнинг ўзлари томонидан қопланган.

Эътиборлиси, республикамизнинг турли ҳудудларидан кўриш ва эшитишда имконияти чекланган фуқаролардан алоҳида гуруҳ ташкил этилди. Уларга малакали шифокор, сафарда ҳамроҳлар ҳамда сурдо таржимонлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳисобидан ажратилди.

 Мана шундай неъматга эришган ҳамюртларимиз билан Муфтий ҳазратлари учрашиб, уларни Аллоҳ таолонинг меҳмони, Расул алайҳиссаломнинг Равзаларини зиёрат қилишдек бахту саодатга эришаётганлари билан қутладилар.

 Зиёратчилар эса бу қутлуғ хабарни катта хурсандчилик ва ҳаяжон билан кутиб олишди. Улар Аллоҳ таолонинг ушбу буюк инъомидан кўнгиллари тоғдек юксалиб, қалбларидаги энг эзгу тилакларини айтишдан, бу ишнинг бошида турганларни дуои фотиҳа қилишдан тўхтамадилар.

Қалблари қувончга лиммо-лим ва Аллоҳнинг байтига ошиққан зиёратчилар 2023 йил 2 март куни Умра зиёратини адо қилиш учун йўлга чиқдилар. Уларни Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме масжидида уламолар ва мутасаддилар катта эҳтиром билан Саудия Арабистонига кузатиб қўйдилар.

Ҳамюртларимиз ҳаво кемасида қарийб беш соат учганларидан сўнг Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрига етиб боришди. Аэропортда зиёратчиларни мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ходимлари кутиб олдилар. Гуруҳ аъзолари эса ўзларига кўрсатилаётган меҳр-мурувват ва юксак ғамхўрликдан кўнгиллари тоғдек кўтарилди.

Ватандошларимиз умра сафарини Қуръони каримнинг бир қанча оятлари нозил бўлган, ҳар бир қарич тупроғи Набий алайҳиссалом ҳамда у зотнинг саҳобаларига пояндоз бўлган Мадинаи мунавварадан бошладилар.

Аввало, ушбу муборак шаҳарда Масжидул Ҳаромдан кейинги энг мўътабар бўлган “Масжидун Набавий”да тоату ибодатда бўлдилар. Шундан сўнг, Расул алайҳиссалом ҳамда икки улуғ саҳоба — Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қабрларини зиёрат қилдилар ва у зотларга саломлар йўлладилар. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким мени ўлимимдан кейин зиёрат қилса, худди тириклигимда зиёрат қилгандек бўлади”, деганларини қалбан ҳис этиб турдилар.

Юртдошларимиз Мадина шаҳридаги “Қубо”, “Қиблатайн” масжидлари, Уҳуд тоғи ҳамда Бақиъ қабристонини зиёрат қилиш чоғларида ҳам дилларидаги энг эзгу тилаклари Ҳақ таолодан ёлвориб сўрадилар.

Мадинаи мунаввара зиёрати ниҳоясига етгач, Умра амалини адо этиш учун оппоқ эҳромлар ўралди. Гуруҳ аъзолари мийқот ҳисобланмиш – Зул-Ҳулайфа масжидида намоз ўқиб, умра амалига ният қилдилар.

Мадина шаҳридан Макка шаҳрига келган зиёратчилар дастлаб меҳмонхонага жойлашдилар. Сўнг гуруҳ раҳбарлари бошчилигида талбия айтиб, Каъбатуллоҳга йўл оладилар.

Зиёратчиларимиз масжидга ўнг оёқ билан, хокисор ҳолда кириб, қалбларининг туб-тубидаги дуоларни ўқидилар. Сўнг Каъбатуллоҳни тавоф қилишга киришдилар.

Улар Каъбани тавоф қилиш давомида зикр ва дуолар билан машғул бўлди ҳамда шундай саодатли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтишди. Шу кезларда уларнинг қалби шукроналик ҳиссига тўлиб, бу ҳаётдан мамнун ва масрур эканликлари юз-кўзларидан шундоққина кўриниб турди. Каъбатуллоҳни еттинчи марта айланиб, мақоми Иброҳимнинг ортида намоз ўқиганларидан сўнг ҳам энг илтижолар қилиб, юракларининг қаъридаги тилакларини билдирдилар.

Шундан сўнг зиёратчилар Сафо-Марва томонга саъй қилишга ҳаракатландилар. Саъй қилишдан олдин зам-зам сувидан ичдилар. Кейин эса, Сафо ва Марва оралиғида саъй қилдилар. Умранинг сўнгги амали сочни қисқартиришни ҳам адо этдилар.

Умра ибодати ниҳоясига етгач, зиёратчилар эҳромдан чиқдилар. Зиёратчилар умра қилгандан сўнг то Ватанга қайтгунга қадар вақтни ғанимат билиб, Масжидул Ҳарамда намоз ўқиш, Каъбаи муаззамани тавоф қилиш ва дуолар билан машғул бўлдилар.

Макка шаҳридаги сафар давомида юртдошларимиз Арафот, Мино, Муздалифа водийлари, Нур ва Савр тоғларини ҳам зиёрат қилдилар.

Ҳамюртларимиз ёрқин таассуротлар ҳамда унутилмас ҳаяжон билан она Ватанимизга қайтдилар.

Яратган Парвардигор зиёратларни қабул, дуоларни мустажоб қилсин!

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1326 times

Янгиликлар

Top