Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2023 (ҳижрий 1444) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори эълон қилинди

Закот нисоби
Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 585 пробали 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 420 000 (тўрт юз йигирма минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги ЗАКОТ нисоби 35 700 000 (ўттиз беш миллион етти юз минг) сўм деб белгиланди.
Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 35 700 000 (ўттиз беш миллион етти юз минг) сўм ва ундан ортиқ пул маблағи ёки ушбу қийматдаги савдо-тижорат молига эга бўлган мусулмон киши, жами маблағининг қирқдан бири (2,5%)ни ажратиб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.

Фитр садақаси ва фидя миқдори
Фитр садақасининг миқдори буғдойдан ярим соъ (≈ 2 кг.), арпадан бир соъ (≈ 4 кг.), майиздан ярим соъ (≈ 2 кг.) ва хурмодан бир соъ (≈ 4 кг.)дир.
Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг бозордаги ўртача нархлари 1 кг. буғдой – 6 минг, 1 кг. арпа – 5 минг, 1 кг. майиз – 50 минг ва 1 кг. хурмо – 45 минг сўм эканлигини инобатга олиб, бу йилги ФИТР садақаси қуйидагича этиб белгиланди:

буғдойдан ≈ 2 кг. 12 000 (ўн икки минг) сўм;
арпадан ≈ 4 кг. 20 000 (йигирма минг) сўм;
майиздан ≈ 2 кг. 100 000 (юз минг) сўм;
хурмодан ≈ 4 кг. 180 000 (бир юз саксон минг) сўм деб белгиланди.

ФИДЯ миқдори фитр садақанинг миқдори билан бир хил бўлади.
Шундай экан, ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини ва фидя миқдорини берса кифоя қилади.

Эслатма: Мазкур қийматлар Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланди. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

Милодий 2023 йил, 23 Март, Ҳижрий 1444 йил, 1 Рамазон.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz | https://taplink.cc/muslimuz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Read 4365 times

Янгиликлар

Top