Ўзбекистон янгиликлари

Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар элимиз эътиборида

Президентимизнинг “Рамазон ойини муносиб ўтказиш тўғрисида”ги қарорда ҳудудларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳру саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги алоҳида таъкидланган.


Муборак Рамазон кунлари мазкур хайрли қарор ижроси ҳудудларда кенг кўламда амалга оширилиб, юртдошларимиз ўртасида меҳр-мурувват, яхшилик фазилатларини янада мустаҳкамланишига хизмати қилмоқда. Айниқса, юртимиз бўйлаб кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун ёзилаётган ифторлик дастурхонлари юқори кайфиятда бўлиб ўтмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида ҳам.


Куни кеча вилоятнинг Булунғур, Оқдарё, Ургут, Иштихон, Пайариқ ва шу каби барча туман ва маҳалларида ана шундай савобли ифторликлар ташкил этилди.
Булунғур тумани “Самарқанд” МФЙда яшовчи, кам таьминланган 100 нафар фуқароларга ифторлик дастурхони ёзилиб, туман бош имом хатиби М. Жомонқулов томонидан Рамазон фазилатлари тўғрисида мавъиза қилиб берилди. Сўнгра тадбир якунида Қурьон тиловати ўқилиб, Юртбошимиз ва халқимиз ҳаққига хайрли дуолар қилинди.


Худди шундай Каттақўрғон шаҳар “Баҳористон” МФЙда яшовчи кам таъминланган оилалар учун “Осиё” тўйхонасида 100 нафар кам таъминланганларга ифторлик дастурхони ёзилди. Тадбирда “Муҳаммад Нақиббек” жоме масжиди имом хатиби Назаров Анвар қатнашиб шукроналик тўғрисида маъруза қилиб, йиғилганлар ва саховатпеша инсонлари ҳаққига хайрли дуолар қилди.
Бундай саховат тадбирлари Оқдарё туманида ҳам кенг миқёсда бўлиб ўтмоқда. Жумладан, “Яккабоғ” масжид ходими Ахмедов Суюнхўжа бошчилигида “Бобур” МФЙда Мўллақўрғон қишлоғида яшовчи Норбоев Эрали ҳамда Исмоилов Самад хомийлигида эхтиёжманд оилалардан 60 нафар рўзадорларга ифторлик дастурхони ёзилди.
Бундай ифторлик дастурхонлари юртимиз бўйлаб давом этмоқда.


ЎМИ Матбуот хизмати

Read 722 times

Янгиликлар

Top