Ўзбекистон янгиликлари

“Умра-ю Ҳаж сафарларини ҳавас қилганман, холос”

Бу йил қутлуғ Рамазон ойида эҳтиёжманд, шу билан бирга ибратли оилалар вакиллари давлатимиз томонидан берилган йўлланма асосида Умра сафарига юборилмоқда. Уларнинг бир қанча гуруҳи муборак зиёратни адо этиб қайтишди. Шулар қаторида Самарқанд вилояти зиёратчилари ҳам бор.
– Мактабда яхши ўқиганман, араб ёзувини ўрганганман, – дейди Пайариқ тумани Кўпаки маҳалласида яшовчи Қандолат Норматова. – Аммо на институтда, на техникумда ўқидим. Қишлоқ қизлари қатори бўй етиб, турмушга чиқдим. 7 нафар фарзандим бор, улардан бири иккинчи гуруҳ ногирони. Раҳматли турмуш ўртоғим билан уларни оғир шароитда катта қилдик. Қуръон тиловати, китоб мутолааси, беш вақт намоз ва рўза ибодатларини канда қилмадим. Муборак Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келаётганларга ҳавас қилардим, холос. Маҳалламиз раиси кутилмаганда Умра зиёратига давлат томонидан йўлланма берилишини айтганда, туш кўряпман, деб ўйладим. Қувончим ичимга сиғмади. Зиёрат давомида йиғлаб-йиғлаб, юртимиз тинчлиги, аҳолимиз фаровонлиги, фарзандларимиз саломатлигини сўраб дуолар қилдим.
Самарқандлик зиёратчилар 2 апрель куни тонгга яқин кутиб олинди. Кемтик кўнгиллари тоғдек кўтарилган отахон ва онахонлар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлардан миннатдор эканлигини билдириб, дуолар қилди.

Хайрулло Сатторов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари,
“Зарафшон” нашри.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 686 times

Янгиликлар

Top