Ўзбекистон янгиликлари

Қуръонни эшитиш қалбга ҳузур беради

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бугун, 7 апрель куни жума намозини жамоат билан адо этиш, намозхонларга мавъиза қилиш учун Самарқанд шаҳридаги “Имоми Аъзам” жоме масжидига ташриф буюрдилар.

Муфтий ҳазратлари суҳбат аввалида Юртбошимизнинг мўмин-мусулмонларга йўллаган салом ва Рамазон табрикларини етказиш билан бирга намозхонларга ўзларининг ҳам хайрли дуо ва тилакларини билдирдилар.

Мазмунли суҳбат чоғида Муфтий ҳазратлари “Рамазон – Қуръон ойи” мавзусида манфаатли мавъиза қилиб, жумладан, Каломуллоҳнинг нозил бўлиш тарихи ва фазилати, уни ўқиган қорига дунёю охиратда бериладиган ажру мукофотлар, улуғ Рамазон ойида қилинган хатми Қуръонларнинг савоби янада зиёда бўлиши, Қуръони каримни эшитиш қалбга ҳузур бериши ҳақида оят, ҳадис ва уларнинг шарҳи билан тушунтириб бердилар.

Якунда Ҳақ таолодан Рамазон ойини мўмин-мусулмон халқимизга манфаатли қилишини, юртимиз ва бутун дунё тинчлиги, элимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 777 times

Янгиликлар

Top