Ўзбекистон янгиликлари

Фахрийларимиз эъзозда

Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори эълон қилинган эди. Ана шу фармон ва қарорга асосан мамлакатамизда фахрийларимизга кўплаб моддий ва маънавий эътибор ва эҳтиром кўрсатилди. Ҳукуматимиз томонидан берилаётган эътибор Маккаи мукаррама шаҳрида ҳам давом этмоқда. Кеча эрта тонгдан  Макка шаҳри "ал-Ҳидоя" меҳмонхонаси жуда чиройли тарзда безатилди.

Шу куни Иккинчи жаҳон уруши фахрийларимизга бағишлаб байрам тадбири ўтказилди. Бошлари узра атиргуллар сочилди, мушку анбарлар сепилди. Муборак зам-зам суви ва ширинлигу хурмолар билан сийланишди. Байрам тадбирига ташриф буюрган санъаткорлар томонидан шукроналик оҳанглари  ва салавотлар куйланди.

Тадбирда сўзга чиққан уруш фахрийлари Юртбошимиз бошчилигида ҳукуматимиз томонидан кексаларга  катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдамлар кўрсатилаётгани, нуронийларга ҳурмат-эътибор берилаётганини алоҳида эътироф этишди.

Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги раҳбарлари, "ал-Ҳидоя" халқаро ширкати раҳбари Солиҳ Салим Боҳвиний ва бошқа мутасаддилар сўзга чиқиб, халқимизни  истиқлолимизнинг 26 йиллиги билан самимий муборакбод этдилар  ва фахрийларимизни эл-юрт тинчлиги йўлида қилган буюк хизматларини юксак эътироф этишди.

Тадбир сўнгида фахрийларимизга эсдалик совғалари улашилди. Муҳтарам биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган аждодларимиз ҳақларига Қуръони карим тиловат қилиниб, уларнинг руҳи ёдга олинди. Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги сўраб дуои хайрлар қилинди.

Учрашув барчада катта таассурот қолдирди ҳамда самимий ва кўтаринки руҳда ўтди.

 

Read 4994 times

Янгиликлар

Top