Ўзбекистон янгиликлари

«Ал-Бадр» масжиди қайта қуриб битказилди

Масжид қуриш, мўмин-мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун шарт-шароит яратиб бериш – савоби улуғ, ажри улкан амал. Бундай хайрли ишга улкан мукофотлар ваъда қилинган.
Ҳадиси шарифда: "Ким Аллоҳ розилигини истаб масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатдан уй қуради", дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Бугун, 2023 йил 11 май куни пойтахтимизнинг Миробод туманидаги "ал-Бадр" жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, туман имомлари, домлалар, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, саховатли инсонлар иштирок этди.
– Масжидимизнинг эски биноси 1994 йилда Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтган, – дейди "ал-Бадр" жомеси имом-хатиби Абдуғаффор домла Кўчаров. – Намозхонларнинг сафи кенгайиб бориши натижасида жоме мўмин-мусулмонларга торлиқ қилиб қолди. Шуни инобатга олиб, раҳбарият билан маслаҳатлашган ҳолда масжиднинг янги биносини 2021 йил 24 июнда қайта қуришга киришган эдик. Орадан икки йилга яқин вақт ўтгач, замонавий масжид қад ростлади. Жомеда бир вақтнинг ўзида 1,6 минг киши бемалол ибодатларни адо этиши мумкин. 19,5 метрли гумбаз масжид қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Иссиқ пол ва совуткичлар ўрнатилгани қишда ва ёзда намозхонлар жонига оро киради, иншоаллоҳ.
Барча шароитларга эга замонавий жомега монанд тарзда таҳоратхона ҳам бунёд этилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 20 киши покланиши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар», деб марҳамат қилган (Тавба сураси, 18-оят).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло мазкур оятда масжидларни обод қилувчиларнинг мўмин эканлигига гувоҳлик бермоқда. Ҳадиси шарифда: “Агар масжидга доимий қатнашни одат қилган кишини кўрсангиз, унинг мўминлигига гувоҳлик беринг”, дейилган» (Имом Термизий ривояти).
Тадбир сўнгида Аллоҳнинг байти қурилишига ҳисса қўшган барча азизларимизнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Read 1052 times

Янгиликлар

Top