Ўзбекистон янгиликлари

Диний-маърифий китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

Жорий йил 18-май куни “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси, сийрат фани устози Абдул Азим домла Зиёуддин томонидан таълиф этилган “Нурул яқин”, “Нурул басар”, “Сиз пайғамбарни кўрганмисиз?” ва “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт” номли китобининг академик таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирида билим юрти ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар. Тадбирни билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев очди ва олиб борди. Нотиқ ўз сўзида китобнинг академик таржима ва изоҳлари билан бойитилгани, бошқа муаллифлар томонидан олдин таржима қилиниб чоп этилган китоблардан афзаллиги ва ўзига хос жиҳатларини алоҳида эътироф этиб, сўзни муаллифга берди.
Абдул Азим домла ўз сўзида ушбу учрашув талабалар учун амалий машғулот эканини таъкидлаб, “Нурул яқийн” китоби ислом таълим муассасаларида кўп йиллардан буён ўқитилаётган дарсликлардан бири экани, китоб муаллифи Муҳаммад Хузарий ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, у кишининг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумотлар берди.
Тақдимотда “Нурул яқийн” китоби тақризчиси, Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Баҳодир домла Аъзамов сўз олиб, араб тилидан ўзбек тилига моҳирона қилинган таржималарни китобдан олинган мисоллар орқали айтиб ўтди. Китоб ислом таълим муассасалари Сийрат фани ўқитувчилар ҳамда китобхонлар учун асосий манба бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирда талабалар ҳам янги нашр ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Билим юрти Ахборот –ресурс маркази мудири, Муҳаммадали КАТТАБАЕВ

Read 1091 times

Янгиликлар

Top