Ўзбекистон янгиликлари

Мадраса битирувчиларига оқ фотиҳа берилди

Бугун, 1 июнь куни "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасаси битирувчи талабаларининг “Хатмона – 2023” тадбири бўлиб ўтди. Унда диний соҳа раҳбарлари, фахрий уламолар, муддарислар, ота-оналар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Маросимни билим юрти мудири Абдуҳаким қори Матқулов кириш сўзи билан очиб, мадраса тарихи, бугунги кундаги фаолияти, талабаларга яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида сўзлади.

Файзли тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари мадраса битирувчи талабаларини муборакбод этиб, Ҳақ таолодан бўлғуси ёш диний соҳа ходимларининг фаолиятига улкан зафар ва муваффақиятлар тиладилар, уларни тарбиялаган устоз ва ота-оналарига ташаккур изҳор этдилар.

Муфтий ҳазратлари юртимизда диний соҳада катта тарихий ўзгаришлар бўлаётгани, айниқса, таълим соҳасига алоҳида эътибор берилаётгани, хусусан, келгусида билим юртларининг илмий савияси, диний таълим сифати ва нуфузини янада ошириш ҳамда маълум бир диний йўналишга ихтисослаштириш, таниқли устозларни жалб этиш, мадрасаларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, жумладан талабаларни тўлиқ грант асосида ўқитадиган даражага кўтариш каби хайрли ишлар режа қилингани ҳақида сўзладилар.

Ўз чиқишларида Муфтий ҳазратлари мазкур тадбирда нафақат меҳмон, балки ота сифатида ҳам қатнашаётганлари, ўзларининг фарзандлари ҳам айни кунда мазкур муассаса битирувчиси экани, ҳар қандай ота учун фарзандининг илму маърифатли бўлганини кўриш катта бахт экани, шу боис ўзлари ҳам барча ота-оналар қатори катта ҳаёжонда ва бахтиёр эканларини баён этиб, мадраса устозларига катта миннатдорлик изҳор этдилар. Шунингдек, битирувчи талабаларга насиҳат қилиб уларнинг ютуқ ва камчилиги билим юртиники бўлиши, шу боис унинг мақоми ва обрў-эътиборини янада кўтаришга астойдил ҳаракат қилишлари лозимлигини уқтирдилар. Энди улар талаба эмас, балки диний соҳа ходими ва уламоликка қўйилган навбатда қадамни босганларинитушунтирдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Муҳаммадбобур Юлдошев ҳам сўз олиб, талаба-ёшларни битирув айёми билан табриклаб, келгусида ўз соҳалари бўйича етук кадр бўлишлари учун тавсия ва насиҳатларини тақдим этди.
Тадбир асносида битирувчи талабалар ва уларнинг ота-оналарига ҳам сўз берилди. Улар ўз миннатдорлик ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Маросим давомида илмли ва фаол битирувчи талабалар ва уларнинг ота-оналари диплом, ташаккурнома билан тақдирланди.
Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1046 times

Янгиликлар

Top