Ўзбекистон янгиликлари

ТАВОФНИ ЁКИ САЪЙНИ СКУТЕРДА ҚИЛСА ЖОИЗМИ?

#Ҳаж_умра

❓1066-CАВОЛ: Ҳаж ёки умранинг тавофи ва саъйида замонавий уловларга минишнинг ҳукми қандай?

? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳаж ёки умранинг тавофида ва саъйида қодир бўлган кишилар пиёда юришлари вожибдир. Ўзи юришга қодир кишилар узрсиз замонавий улов (аравача, скутер ва бошқа)ларга миниб тавоф ёки саъй қилса, вожиб амални тарк қилгани сабабли қўй сўйиши лозим бўлади. Узрсиз уловда тавоф ва саъй қилиб қўйганлар қайтадан пиёда тавоф ва саъй қилишса, қўй сўйиш шарт бўлмайди, жарима соқит бўлади.

Аммо ўзлари пиёда юриб тавоф ва саъй қила олмайдиган шахслар эса замонавий уловларда тавоф ва саъй қилишлари жоиздир. Бу билан уларга ҳеч қандай жарима вожиб бўлмайди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом пиёда тавоф ва саъй қилганлар. Фақат Видолашув ҳажида касалликлари сабабли уловда ҳаж қилдилар.
Юришга қодир бўлмаса, уловда тавоф қилиш жоизлиги ҳақида қуйидаги ҳадиси шариф келган:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَدِمَ مَكَّةَ وَهُوَ يَشْتَكِى فَطَافَ عَلَى رَاحِلَتِهِ

“Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Маккага келдилар. У Зот алайҳиссалом бемор эдилар. Уловлари устида тавоф қилдилар...” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Умму Салама онамиз айтадилар:

شكوت إلى رسول الله صلى الله عليه و سلم أني أشتكي فقال ( طوفي من وراء الناس وأنت راكبة (

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга касаллигимдан шикоят қилдим. У Зот алайҳиссалом: “Одамларни орқа тарафида, уловда тавоф қилинг”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадиси шарифда ҳам тавоф пиёда бўлиши вожиблигига далил бор. Чунки уловда тавоф қилиш билан пиёда тавоф қилишнинг фарқи бўлмаса, Умму Салама онамиз бундай савол бермасдилар.

Бу масала ҳақида фиқҳ китобларимизда шундай дейилади:

وَإِنْ سَعَى رَاكِبًا لِعُذْرٍ فَلَا شَيْءَ عَلَيْهِ وَبِغَيْرِ عُذْرٍ عَلَيْهِ دَمٌ كَمَا فِي الطَّوَافِ

“Агар узр сабабли уловда саъй қилса, унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Узрсиз уловда саъй қилса, қон вожиб бўлади. Тавофда ҳам ҳукм шундай” (“Табйинул ҳақоиқ”).

وان كان قادرا على المشى بنفسه فحمل أو ركب يلزمه الدم لان السعي بنفسه عند القدرة على المشى واجب فإذا تركه فقد ترك الواجب من غير عذر فيلزمه الدم كما لو ترك المشى في الطواف من غير عذر

“Агар ўзи юришга қодир бўлсаю уни кўтариб олишса ёки уловга минса, қон вожиб бўлади. Чунки юришга қодир бўлган кишининг ўзи саъй қилиши вожибдир. Юришни тарк қилса, узрсиз вожибни тарк қилган бўлади. Бундай ҳолатда эса қон вожиб бўлади. Тавофда ҳам ҳеч қандай узрсиз пиёда юришни тарк қилса, ҳукм шундай (яъни қон вожиб бўлади)” (“Бадоиъус саноиъ”).

Ҳозирги кунда ҳам ҳаж ва умра ибодатларини қилиш давомида ўзлари юришга қодир бўлсаларда, турли замонавий уловларга ўтириб оладиган кишиларни кўрамиз. Улар аслида юқорида айтилгани каби ўзлари юриб тавоф ва саъй қилишлари шарт. Акс ҳолда бир қўй сўйиб ёки тавоф ва саъйни қайта қилиб, бу хатони тўғрилашлари керак бўлади.

Гоҳида баъзи кишилар ўзи юра оладиган ота-оналари, ҳатто хотинларини кўтариб олганларини кўрамиз. Бу ишлари билан ота-оналари ва жуфтларининг ибодатини нуқсонли қилиб қўядилар. Лекин ота она ўзи юра олмаса, уларни кўтариб олишлари жоиз. Қолаверса, ўзлари юра оладиган ота-она ва аёллар уларни кўтармоқчи ёки замонавий уловларга миндирмоқчи бўлганларга рад жавобини беришлари керак. Чунки оқибатда уларнинг ибодатлари нуқсонли бўлиб қолади ва жарима уларнинг зиммасига тушади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Muslim.uz / @muslimuzportal / @Muftiy_Nuriddin_domla
@diniysavollar

#МАБРУР_ҲАЖНИНГ_МУКОФОТИ_ЖАННАТ!

Read 805 times

Янгиликлар

Top