Бугун, 7 июнь куни эрта тонгда Маккаи мукаррамага етиб келган зиёратчиларимизни “Ҳаж – 2023” ишчи гуруҳи раҳбари Содиқжон Тошбоев, хизмат кўрсатувчи мактабалар (муассасалар) вакиллари ва бошқа масъуллар томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Roshidiya” меҳмонхонасига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган фуқароларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, “Инсон қадри учун” тамойилини нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Меҳмонхонада жойлари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерда диёримиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, катта ҳозирликлар кўриб қўйган ишчи гуруҳ аъзолари эҳтироми ва моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлдилар.
Эндиликда Таматтуъ ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалининг қолган рукнларини бажаришга ҳозирлик кўрмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати