Ўзбекистон янгиликлари

«УРУШ ФАХРИЙСИ ҲАЖ ҚИЛИШ УЧУН УЧ МАРОТАБА ЎЛИМДАН ОМОН ҚОЛДИ»

Айни кунларда бутун дунё мусулмонлари қатори ўзбекистонлик ҳожилар ҳам ҳаж ибодатини адо этмоқда. Юртдошларимиз сафида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг борлиги барчанинг эътиборини тортмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу йил 72 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси имтиёзли равишда ҳаж сафарига юборилди. Тўқсондан ошиб, юз билан юзлашган пиру бадавлат нуронийларимизнинг ҳар бирига алоҳида шифокор ва оила аъзоларидан бир киши ҳамроҳ қилиб бириктирилди. 

Бу Саудия Арабистони жамоатчилигида, ҳажга келган бошқа давлатлар вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистонда уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида маҳаллий матбуот нашрларида қатор мақолалар чоп этилди. 

Масалан, “Уккоз” газетасида “Уруш қаҳрамонлари”, “Макка” газетасида “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳожилар” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди. 

“Уруш қаҳрамонлари” мақоласида бундай дейилади: 

“Уруш қаҳрамонлари”. Уларни ўз юртида шундай аташади. Уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни улар учун байрамлар ташкил этилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уларга катта ҳурмат-эътибор кўрсатиб, бепул даволаниш, барча қулайликларга эга бўлган уй-жойлар бериш, томорқа ажратиш ва автомобиллар ҳадя этиш каби хайрли ишлар қилмоқда". 

“Уккоз” газетасининг махсус мухбири Намим Ҳаким “Ўзбеклар фахри” Гитлерга қарши фронт жабҳаларидан Арофат майдонига етиб келди” сарлавҳаси остида бир неча боболаримиз ҳаётини ҳикоя қилди. 

"Бундан 26 йил аввал мустақилликка эришган Ўзбекистонда бугунги кунда 1 минг 300 га яқин уруш фахрийси яшайди. Уларнинг ёши 90-108 атрофида. Одамлар уруш қатнашчиларини “Ўзбеклар фахри” деб эъзозлайди. Зеро, улар фашистлар армиясини тор-мор этишга улкан ҳисса қўшган. Берлингача бориб, душман устидан ғалаба қозонишда ўрнак кўрсатган ва ғалаба кунига етиб келган.

72 йил аввал тугаган бу урушда қатнашган кўпчилик вафот этди. Улардан жуда озчилиги ҳозир ҳаёт. Биз уларнинг тарихий ҳикояларини баён қиламиз, дейилади мақолада. 

“Ленинград қамалидан омон чиққан аскар”

"Уруш фахрийси Йўлдош Турғунов 1941 йили Андижон вилояти Шаҳрихон туманидан кейинчалик номи Санкт-Петербургга айлантирилган Ленинград фронтига жўнаб кетди. 95 ёшли отанинг таъкидлашича, душман қўшинлари шаҳарни қарийб икки йил қамал қилган. Ленинград қамалининг тугаши Иккинчи жаҳон урушида туб бурилиш ясаган ва душман қўшинлари тор-мор бўлишни бошлаган. 

Фахрий жангчи Турғунов уруш қаҳрамонларидан бири сифатида туғилган ватанига қайтди. Оилали бўлиб, уч ўғил ва тўрт қиз улғайтирди. 76 набира ва эвара унинг атрофида парвона. У етмиш йил ҳажга боришни орзу қилиб яшади. Йўлдош Турғуновнинг узоқ кутилган орзусини Ўзбекистон Президенти рўёбга чиқарди. 

У ўзбек урф-одатига биноан бизни табассум билан кузатди. Тилида эса ҳаж фарзини адо этиш учун катта ёрдам берган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳақига дуолар қилди". 

“Чавандоз 72 йилдан сўнг ҳаж зиёратида”

"Уруш фахрийси Зулумбой Мадраҳимов Сталинградда немис қўшинларини тор-мор этган жангчилардан. Фронтда уни чавандоз дейишарди. Ваҳоланки, у алоқачи бўлиб хизмат қилган. Ўз бурчига шу даражада фидойи эдики, душман минаси тушган жойдаги алоқа симларини улаш учун узоқ масофаларга эмаклаб борарди. Кейинчалик ҳайдовчилик қилди, пулемётчи бўлди. 

Зулумбой сафдошлари билан бирга 1945 йилда Берлингача борди. Ҳозир 96 ёшда. Она Ватанига қайтгани ва уйланганига 70 йилдан ошди. У шу йиллар давомида ҳаж қилиш умиди билан яшади. Бу йил унинг орзулари амалга ошди. Отахон Маккаи Мукаррамага етиб келганидан буён хурсандчилигидан ва Байтуллоҳни тавоф қилган вақтдан бошлаб юрак муолажаси учун мўжалланган дориларини ичишни ҳам унутди. У ўзини соғлом ҳис қилмоқда, юраги эса бир маромда урмоқда. 

Зулумбой Мадраҳимовнинг жасоратини мустақил Ўзбекистон муносиб тақдирлади. Отахон ҳаётидан мамнун. Давлати эътиборида, невара-чеваралари ардоғида яшамоқда. Улар бобоси билан фахрланади". 

“Уруш фахрийси ҳаж қилиш учун уч маротаба ўлимдан омон қолди”

"106 ёшли Иброҳим Убайдулло уч маротаба ўлимдан омон қолган. Урушда махфий операцияни амалга ошириш учун кетаётганда душман самолёти уларни ўққа тутади. Шунда жангчилардан фақат ўзи омон қолганини билиб Оллоҳга ҳамдлар айтади. 

Навбатдаги муҳим топшириқдан жамоаси олдига қайтганида фақат унинг тирик қолганини кўриб командир ундан шубҳаланади. Уни сўроқ қилиб турганида душман яна ўққа тутади. Немис мергани командирни ярадор қилади. Иброҳим Убайдулло иккинчи маротаба ўлимдан қутулиб қолади. 

"Оллоҳ таоло менга узоқ умр бериб, муқаддас жойларни зиёрат қилиш ҳамда Арофатда туришни насиб қилди", дейди Иброҳим ота. 

Ёши улуғ уруш фахрийси ўзбекистонлик ҳожилар билан Маккага келди. Ўзига, кексаларга кўрсатилган ғамхўрлик учун Президентини, давлатини дуо қилмоқда", дейилади газетада. 

Бундай мақолалар кўп. Уларда Ўзбекистонда ислом дини ривожига катта эътибор қаратилаётгани, бу соҳада илмий-тадқиқот марказлари бунёд этилаётгани, мусулмонларга барча шароит яратилаётгани таъкидланган. 

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ва Қурбон ҳайити кенг нишонланаётган шу кунларда Саудия Арабистонида ҳаж амалларини бажараётган зиёратчиларимиз кўнглида эса шукроналик. Мамлакатимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилишмоқда.


www.uzbekistan24.uz | http://uzbekistan24.uz/uzk/yangiliklar/9/2023/

Read 6424 times
Tagged under

Янгиликлар

Top