Ўзбекистон янгиликлари

Ҳожиларимизнинг хизматидамиз

Ҳар йили Ҳаж мавсумининг бошланиши мўмин-мусулмонлар учун катта шодиёна бўлади. Ер юзининг ҳар бир гўшасидан зиммасига ҳаж ибодати фарз бўлган инсонлар катта иштиёқ ва муҳаббат билан Маккаи мукаррамага қараб йўл оладилар. Яратганнинг марҳамати билан биз ҳам она юртимиздан бир гуруҳ зиёратчиларга элликбоши этиб юборилдик. Айни кунларда йўлдошларимизнинг хизматида бардавом бўлиб турибмиз.

Моҳиятан ҳаж – машаққат. Ана шуни ҳисобга олган Давлатимиз раҳбарияти қулай имкониятдан фойдаланиб қолиш – минглаб ҳажга бораётган юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиб, бунинг эвазига чандон-чандон савобларга эга бўлиш мақсадида, биринчи  ўринда ҳажнинг квотасини йилдан йилга ошириб бормоқда. Жумладан, Ватанимиздан 2019 йил 7200 нафар, 2022 йил 12000 нафар юртдошимиз ҳаж амалини бажариб қайтди. Жорий йилда эса ҳожиларимиз сони 15000 тага етиши кутилмоқда.

Ундан кейин эса мусофир юртга ҳажни ният қилиб келган юртдошларимизнинг истиқоматининг сифати яхшиланди. Биласиз, ҳажга келувчиларнинг аксари нуроний отахонлару муниса онахонлар бўлади. Уларнинг ҳар бири эътиборга, парваришга муҳтож бўлиши ёш билан боғлиқ табиий ҳол, албатта. 

Масаланинг ана шу жиҳатини ҳисобга олган Диний Қўмитамиз раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Муфтий ҳазратнинг ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов ва бошқа улуғларимиз зиёратчиларимизнинг ҳар бирининг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб, уларга зарур бўлган барча шароитларни ҳозирлашга бош-қош бўлиб турибдилар. Айниқса, бу борада пойтахтликларнинг мингбошиси – Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов, ишчи гуруҳ таркибидаги Алишер Соатов бошчилигидаги малакали шифокорлар, маҳоратли ошпазлар, элликбошилар ҳожиларимизга астойдил хизмат қилмоқдалар.

Музаффархон АЪЗАМ,

 Тошкент шаҳридаги“Пулемас ота” масжиди  имом-хатиби

 

Read 897 times

Янгиликлар

Top