Ўзбекистон янгиликлари

Малайзияда бўлиб ўтган “B2B” сайёҳлик форумида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти тақдим этилди

14 июнь куни Малайзия сайёҳлик компаниялари ва туроператорлари ассоциацияси (MATTA) томонидан мамлакатнинг Селангор штатидаги “Setia City Convention Centre” анжуманлар марказида “MATTA Travel Exchange 2023” (MTEX 2023) “B2B” форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими ўтказилди.
Тадбирда Малайзиянинг 100 дан ортиқ туроператорлари ҳамда Ўзбекистон, Вьетнам, Грузия, Индонезия, Корея Республикаси, Сингапур, Эрон, Ҳиндистоннинг туриндустрия ва авиакомпаниялари вакиллари иштирок этдилар.
MATTA 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, 3 мингдан ортиқ сайёҳлик компанияларини ўз атрофида бирлаштирган. Ушбу ассоциация бутун мамлакат бўйлаб ўз ваколатхоналарига эга бўлиб, мунтазам равишда Малайзиянинг барча штатларида “МАТТА Fair” сайёҳлик кўргазмалари ва хорижий компаниялар билан “B2B” учрашувларини ўтказиши анъанага айланган.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда турли жабҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий сайёҳлик инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва туризм хизматларини диверсификация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди. Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, жумладан Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг туризм маҳсулотлари намойишига алоҳида эътибор қаратилди.
Охирги йилларда виза режимининг соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан, Малайзия фуқаролари учун республикага визасиз кириш тартиби амал қилаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг тўғридан-тўғри авиақатновлари ҳақидаги маълумотлар ҳам ўртоқлашилди.
Форум доирасида МАТТА вакиллари билан ташкил этилган музокаралар натижасида жорий йил сентябрь ойида Куала-Лумпур шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги “МАТТА Fair” сайёҳлик кўргазмасида мамлакатимиз вакилларининг, шунингдек, ноябрь ойига мўлжалланган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида МАТТА вакилларининг иштироки бўйича келишувга эришилди.
“B2B” форуми ишида Бухоро вилоятининг “Antique Travel” туроператори иштирок этгани ҳолда малайзиялик компаниялар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Малайзия туроператорлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон йўналишида “маданий туризм”, “зиёрат туризми”, “Умра+”, “этнотуризм”, “гастротуризм”, “ишбилармонлик туризми” (MICE) каби янги турпакетлар бўйича ишларни йўлга қўйиш, тарғиб қилиш ва йил охиригача мамлакатимизга қўшимча 1000 нафар сайёҳни жалб қилиш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 756 times

Янгиликлар

Top