Ўзбекистон янгиликлари

Регистон “Бутунжаҳон туристик жозибадор объектлар” ташкилоти рўйхатидан жой олди

Самарқандда “Бутунжаҳон туристик жозибадор объектлар” ташкилоти рўйхатига кирган объектлар сертификатларини топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Пискурев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов ва бошқалар мазкур рўйхат ва унинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.  

2017 йилнинг 7 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё Маданият, фан ва таълим кенгашининг иккинчи сессиясида “Жамиятлар, халқлар ва миллатларнинг барқарор ривожланиши учун туристик диққатга сазовор жойларни рағбатлантириш тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинган. Конвенцияни амалга ошириш доирасида туризмнинг жозибадорлиги ва туризмни барқарор ривожлантириш бўйича халқаро қўмита тузилди.

Халқаро қўмита фаолиятининг асосий масалаларидан бири туристик диққатга сазовор жойларни оммалаштириш, жамиятлар, халқлар ва миллатларнинг барқарор ривожланиши йўлида туристик ҳудудларни тарғиб қилишдан иборат.

– Халқаро қўмита “Туристик диққатга сазовор жойларнинг жаҳон рўйхати”ни тузади, янгилайди ва глобал Интернетда эълон қилади, айниқса қимматли моддий, номоддий ва табиий туристик диққатга сазовор жойлар рўйхатини эълон қилади, – деди Р.Қобилов. – Муайян объектни махсус туристик диққатга сазовор жойларнинг жаҳон рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарор халқаро қўмита сессиясида овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Бугунги кунга қадар мазкур ташкилотга хорижий мамлакатларнинг 198 шаҳарларидаги моддий ва номоддий мерос объектлари аъзо ҳисобланади.

– ЮНЕСКО томонидан бутунжаҳон моддий ва номоддий мероси рўйхатга олиниб, ҳимоя қилинади, – дейди Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Пискурев. – Биз тузадиган рўйхат ҳам буни тўлдирадиган, дунёдаги энг эътиборли туристик объектларни тарғиб этиш, асраб-авайлашга хизмат қиладиган ҳаракат. Эътиборлиси, бунда туризм учун жозибадор объектларни сайёҳлар белгилайди. Айни пайтда дунё бўйича биз рўйхатга олган объектлар 2200 та. Эндиликда улар қаторига Самарқанддаги Регистон ансамбли ва Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси қўшилди. Тўрт йил давом этган овоз бериш жараёнида 198 давлатдаги сайёҳларни ушбу обидаларга жуда юксак баҳо берди. Айниқса, овоз берганларнинг 50 фоиздан ортиғи Регистонни дунёдаги биринчи туристик объект бўлиши керак деган фикрни билдирди.

Бутунжаҳон туристик жозибадор объектлар ташкилоти рўйхатига кирган маданий мерос объектларини CNN, Euronews, BBC, Sinxua, SNN каби дунёга машҳур 900 та агентлик тарғибот қилмоқда. 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА

Read 901 times

Янгиликлар

Top