Ўзбекистон янгиликлари

Бухоро шаҳрининг тарихий мероси Саудия Арабистони оммавий ахборот воситалари диққат марказида

Саудия Арабистонининг етакчи «Swift News» веб-сайтида «Бухоро... Ўзбекистоннинг энг машҳур сайёҳлик шаҳри» сарлавҳали мақола жойлаштирилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
«Бухорода 140 та меъморий ёдгорлик мажмуалари мавжуд бўлиб, ЮНEСКО ушбу қадим кентни Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритган. Бухоро дунёдаги энг гўзал тарихий шаҳарлардан бири ҳисобланади. Унда «Сомонийлар» мақбараси, Намозгоҳ масжиди, «Минораи Калон» каби қадимий обидалар жуда кўп. Сайёҳлар Бухоро шаҳрида курилганига 2000 йилдан ортиқ бўлган биноларни кўришлари мумкин. Ушба қадимий шаҳар асрлар давомида ўзига хос хусусиятларини ўзгартирмаган. Бу ерга келадиган сайёҳларга ёдгорликларни кўриш учун камида икки кун керак бўлади», - дейилади мақолада.
Нашрда Бухоро шаҳридаги «Арк» қалъаси «Чор Минор» масжиди, «Минораи Калон» мажмуаси сингари сайёҳларни ўзига жалб этадиган тарихий обидалар ҳақидаги батафсил маълумотлар ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.
Мақолада, шунингдек, шаҳар турли зираворлар ва заъфарон турлари учун савдо маркази ҳисобланиши қайд этилган.
«Бухоро қадимда Мовароуннаҳрнинг энг йирик кентларидан бири ҳисобланган, бугуни кунда эса Ўзбекистондаги бешинчи йирик шаҳардир»,- дея қайд этади манба.
Мақола интиҳосида «Бухоро шаҳри «Саҳиҳи Бухорий» номи билан машҳур «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» китобининг муаллифи ҳадис илмининг энг буюк ровийси Имом Муҳаммад бин Исмоил бин Иброҳим бин Ал-Муғийра ал-Бухорий туғилган юрт», - деб ёзади «Swift News».


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 864 times

Янгиликлар

Top