Ўзбекистон янгиликлари

Вакилларимиз халқаро анжуманда

2017 йил 2-5 сентябрь кунлари Татаристон Республикасининг Қозон шаҳрида “Буюк ипак йўли – маънавият йўли. Бунёдкорлик. Интеграция” мавзусида II-Халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан кўплаб дин абоблари ва олимлар иштирок этди. Жумладан, ушбу конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси маслаҳатчиси Беҳзод Қодиров ва Тошкент ислом университети проректори, профессор Зоҳиджон Исломовлар қатнашишди.

Анжуманда мартабали меҳмонлар томонидан мавзу юзасидан маърузалар қилинди. Вакилимиз Иброҳим домла Иномов ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилган ишлар, айниқса диний соҳада қилинаётган амалий ишлар, юртимизда етишиб чиққан уламолар ва уларнинг асарлари ҳақида гапириб ўтди. Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар йиғилиш қатнашчилари томонидан юксак баҳоланди.

Шунингдек, сафар давомида вакилларимиз Татаристоннинг Булғор шаҳарида барпо этилган “Булғор ислом академиясининг” тантанали очилиш маросимида ҳам иштирок этдилар.
Анжуман якунида, бу каби анжуманлар дунёда тинчликни сақлаш, уни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодга ана шундай нурафшон кунларни меърос қолдиришда улкан хизмат қилиши таъкидланди.


Халқаро алоқалар бўлими

Read 6775 times

Янгиликлар

Top