Ўзбекистон янгиликлари

Туроператорлар фаолияти қўллаб-қувватланади

Ўзбекистон Президентининг «Туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 январдан туроператорлар томонидан туристик оқим паст бўлган хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга олиб келинган ҳар бир турист учун тенг улушларда 20 АҚШ долларидан 100 АҚШ долларигача рағбатлантирувчи субсидия ажратилади. Шунингдек, туроператорлар ва авиаташувчиларнинг хориждан Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортларига чартер авиақатновлари бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республикада камида 5 кеча тунаб қолган тақдирда, 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари эквивалентида тенг улушларда қоплаб берилади.

Бундан ташқари, 3 юлдузли тоифа учун 60 та хонадан кам бўлмаган, 4 ва 5 юлдузли тоифа учун 120 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга беш қаватдан паст бўлмаган меҳмонхона 2026 йил 31 декабргача фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач, инвесторларнинг янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун кетган харажатларининг бир қисми қуйидаги миқдорларда қоплаб берилади.

Жумладан, 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм, 4 ва 5 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўм.

2026 йил 31 декабргача дунёнинг нуфузли меҳмонхона брендларидан (меҳмонхона брендларининг топ-50 ва меҳмонхона тармоқларининг топ-5 рейтингига кирган) фойдаланувчи Ўзбекистон резидентлари бўлган ташкилотларнинг роялти харажатлари франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан 3 йил мобайнида қуйидаги миқдорда қисман молиялаштирилади:

-3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун – меҳмонхонанинг ҳар битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;

-4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун – меҳмонхонанинг ҳар битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида;

-5 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун – меҳмонхонанинг ҳар битта хонаси учун йиллик 600 АҚШ доллари эквивалентида.

Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 январдан ногиронлиги бўлган шахсларнинг саёҳат қилишлари учун қулай муҳит яратишга қаратилган «Тўсиқсиз туризм» дастури амалга оширилади.

2026 йил 1 июлгача етиб бориш қийин бўлган ва чекка жойларда (аҳоли яшаш пунктларидан камида 10 км. ёки қаттиқ қопламали автомобиль йўлларидан 5 км узоқликда) алоҳида автоном инфратузилмани яратган ҳолда кемпинглар ташкил этган ва «сафари» туризми хизматларини кўрсатадиган юридик шахсларнинг мазкур фаолият тури бўйича мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланади.

Ҳужжатда, шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан ҳар йили «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетига Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳамда Буюк Ипак йўлида жойлашган давлатлар фуқаролари магистратурада давлат гранти асосида таълим олишлари учун 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағлар ажратиб борилиши қайд этилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган мазкур қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 сентябрдан турагентларнинг электрон тўловлар, бронь қилиш хизматларини кўрсатадиган камида иккита хорижий тилдаги веб-сайтга ва туроператорларнинг электрон тўловлар хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши талаблари бекор қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 852 times

Янгиликлар

Top