Ўзбекистон янгиликлари

“Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз”

(Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқидан таъсирланиб) 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи нафақат юртдошларимиз, балки бутун мусулмон олами ва жаҳон афкор оммасида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мазкур нутқда давлатимиз раҳбарининг долзарб минтақавий ва глобал муаммолар юзасидан билдирган фикрлари билан бир қаторда, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти, уни зўравонлик ва қон тўкиш билан тенглаштирмаслик зарурлиги, Марказий Осиёнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳисса қўшган кўплаб ёрқин намояндалари, жумладан Имом Бухорий бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, Самарқанд ва Тошкентда ташкил этилган Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти, ёшларни зўравонлик ғояси "вируси”дан ҳимоя қилиш юзасидан билдирган жуда қимматли фикрлари алоҳида эътиборга моликдир.

“Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.  Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз.

Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деди жумладан юртбошимиз.

Дарҳақиқат 2017 йил бошидан буён мамлакатимизда муқаддас динимиз, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилиб, 16 диний конфессияга мансуб 2 минг 241 диний ташкилот, жумладан, Тошкент ислом институти, 9 ўрта махсус ислом билим юрти, православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий, Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси улар сафига келиб қўшилди.

Бу ҳақда ўз фикрини давом эттириб Президентимиз шундай деди:

“Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.

Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган "Саҳиҳи Бухорий"нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган.

Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик.

Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”.

Юртбошимиз нутқида бугунги куннинг яна бир оғриқли муаммоси – терроризмдан ёшларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди:

“Дунёда терроризм таҳдидлари айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганидан далолат беради.

Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади, деб ҳисоблайман.

Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир.

Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда.

Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда.

Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ.

Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир.

Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этади.

Бизнинг назаримизда, мазкур ҳужжатни имзолайдиган давлатлар ушбу соҳани ўз ижтимоий сиёсатининг асосий ва муҳим ҳаётий устувор йўналишларидан бири даражасига кўтариш бўйича қатъий мажбуриятларни ўз зиммасига олиши керак”.

Айтиш мумкинки, терроризм ва экстремизмга қарши курашда маърифат ва диний бағрикенглик асосий омил бўлади. Бу борада давлатимиз раҳбари халқаро ҳужжат қабул қилиш зарурати юзасидан фикр билдирди:

“Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман.

Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган”.

Юртбошимизнинг эзгу ташаббуслари жаҳон жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланишига аминмиз.

 

 

Уйғун Ғафуров,

Тошкент ислом институти ректори

 

 

 

 

Read 5871 times

Янгиликлар

Top