Ўзбекистон янгиликлари

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбари: ОЛАМШУМУЛ НУТҚ

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузли минбаридан  туриб сўзлаган оташин нутқлари барча юртдошларимиз қатори, биз мўмин-мусулмонларни ҳам ғоят мамнун этди.

 Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, олиб борилаётган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари, зиёратгоҳларнинг қайта тикланаётгани, янгидан-янги илмий-амалий ва маданий марказлар ташкил этилаётгани юзасидан атрофлича сўз юритган Давлатимиз раҳбари ушбу нутқларида кўплаб глобал масалалар, айниқса, чорак асрдан зиёд вақт ўтса ҳамки, ўз ечимини топмай келаётган Афғон муаммоси, бутун дунё халқларини ташвишга солаётган терроризм балоси каби муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Айниқса, сайёрамизнинг экотизими учун жиддий хавф туғдираётган Орол денгизи фожеасига анжуман иштирокчиларининг эътиборини тортдилар. Муқаддас динимиз манбаларида ҳам сувдан ниҳоятда омилкорлик билан фойдаланиш зарурлиги таъкидланган. Хусусан, мўътабар фиқҳий асарлардан бири “Мухтасар”да оқар сувдан энг аввал дарёнинг қуйи қисмида яшовчилар фойдаланиши, ундан кейин эса тартиб бўйича юқорига қараб бориши айтилган. Шу нуқтаи назардан, асрлар давомида аждодларимиз, ҳеч бир мунозарага бормасдан, аҳил-иноқлик билан фойдаланиб келган оби ҳаёт манбаларимиз – Амударё ва Сирдарёдан бугунги авлодлар ҳам муносиб равишда фойдаланмоғи кераклигини таъкидладилар ва бунга Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари эътиборини қаратдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан Қиёмат куни ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг (айбини) беркитади. Банда ўз биродарига ёрдам қилса, Аллоҳ таоло унга ёрдам қилади. ...”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Мазкур ҳадиснинг айни мазмун моҳияти Юртбошимизнинг қуйидаги сўзларида ўз аксини топган: “Экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқаролар ижтимоий реабилитация қилинмоқда, уларни соғлом ҳаётга қайтариш учун зарур шароитлар яратилмоқда”.

Президентимиз нутқида алоҳида эътибор берилган масалалардан яна бири – Ислом маърифати масаласи бўлди. Юртбошимиз нуфузли минбардан туриб Ислом дини борасида пухта илмга эга бўлмасдан, бу дин ҳақида хулоса чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини айтар эканлар, инсонларни Ислом дини билан таништиришнинг оқилона йўлларини, таъсирчан усулларини топиш зарурлигига алоҳида урғу бердилар:

“Бугунги сессия иштирокчиларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат”.

Зеро, Аллоҳ таолонинг муборак каломи – Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..(Моида сураси, 2-оят). Қаерда таълим олиш ҳуқуқи таъминланмаган бўлса, саводсизлик ва жаҳолат ҳукм сурса, у ернинг халқи Аллоҳ таолонинг неъматларини қадрига етмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улардан ғафлатда қоладилар. Улар: сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир” (Имом Бухорий ривояти).      

Муҳтарам Юртбошимизнинг ана шу жасорати ва оқилона таклифлари сессия иштирокчиларига ниҳоятда маъқул бўлди. Бу эрксевар халқимиз қалбидаги айни муддао эди.

"Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюция қабул қилинса, бу оламшумул воқеа бўлади. Инсониятни илмга, маърифатга бошлаш ғояси икки юзга яқин давлат раҳбарлари ва намояндалари қатнашган халқаро анжуманда айнан бизнинг давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилгани ҳақли равишда ифтихор туйғусини уйғотади. Ахир, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошлаб ўтган жамики улуғ аллома бобокалонларимиз, азиз устозларимиз бизни шундай эзгу мақсадга камарбаста бўлишга даъват этишганку!..

Муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, деб алоҳида таъкидлаганлари қуйидаги ҳадиси шариф мазмунига тўла ҳамоҳангдир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

 “Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган сўзлари эса Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримасига жуда мос келади: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз...(Бақара сураси, 208-оят). Ҳадиси қудсийда эса: “Эй бандаларим! Мен асло зулм қилувчи эмасман, сизларнинг зулм қилишингизни ҳаром қилдим, бир-бирларингизга асло зулм қилманглар”, дейилади.

Мазкур нутқдаги яна шундай илҳомбахш сатрлар ҳам бор: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган "Саҳиҳи Бухорий"нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, ислом маърифати тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”.

Шу ўринда қуйидаги ривоятни келтириш мақсадга мувофиқдир: «Одамлар Имом Муслим ибн Ҳажжожнинг Имом Бухорий ҳазратлари ҳузурларига келиб пешонасидан ўпганини ва: “Эй устозлар устози, муҳаддислар саййиди ва ҳадис иллатларининг табиби! Ижозат беринг, оёқларингизни кўзимга суртай!” деганини кўришган».

Юртбошимиз ўз нутқларида: “Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат”, деб айтдилар.

Саводсизлик дунё миқёсидаги долзарб муаммолардан бири саналади. Яқиндагина Мьянма фожиасини олайлик, у мамлакатда азият чекаётган жафокаш инсонларнинг аксари ўқиш-ёзишни билмас экан. Бугунги ахборот асрида, компьютер технологиялари замонида бундай ҳолатнинг мавжудлиги ҳали кишилик жамиятининг нуқсонлари кўплигидан далолат беради.

Ачинарлиси шундаки, ёппасига саводсизлик фақат Мьянманинг муаммоси эмас, Жануби-шарқ, Яқин Шарқ мамлакатлари, Африканинг кўплаб давлатлари ва ҳатто ривожланган давлатларда ҳам саводсизлар ҳамон бор. Бугун мусулмон мамлакатларининг фан ва технологиялар борасида ортда қолаётгани ҳам ҳақ гап. Президентимиз Қозоғистонда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитида сўзлаган нутқларида ҳам айнан ана шу масалага эътибор қаратиб, бу муаммонинг ечими сифатида илм-фан соҳасида эришиладиган ютуқлар учун Ислом ҳамкорлик ташкилотининг махсус мукофотини жорий этиш таклифини илгари сурдилар.

 Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил топган Ислом цивилизацияси маркази, нутқда тилга олинганидек, илму маърифатни кенг ёйишга, диний бағрикенглик асосларини мустаҳкамлашга, эзгу ғояларни янада кўпроқ тарғиб этишга, инсонларни ягона ғоя атрофида жипслаштиришга хизмат қилади.

Юртбошимизнинг ушбу нуфузли халқаро анжумандаги иштироклари ва нутқлари донишманд халқимиз қалбига юксак ифтихор бағишлайди ва тинчлик йўлида собитқадам бўлишга ундайди.

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий

Read 5533 times

Янгиликлар

Top