Ўзбекистон янгиликлари

Таниқли ва воиз уламолар "Фахрий устоз" даражаси билан тақдирланди

Устоз – муаллимсиз қолганда замон,
Нодонликдан қаро бўларди замон.

Абдураҳмон Жомий

Юртимиз равнақи ва динимиз ривожи йўлида фидокорона меҳнати, ёш авлодни тарбиялашда, диний-маърифий ишлар самарасини оширишга муносиб ҳисса қўшаётгани, айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби Исмоилжон Муҳаммад Содиқ ва доктор Саййид Раҳматуллоҳ Термизий «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти томонидан «Фахрий устоз» даражаси билан тақдирланди.

Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан ёруғликка етишадилар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади:

«Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».

Аллоҳ таоло жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ато қилсин, барча хайрли ишларида Ўзи тавфиқ ва офият берсин.

«Кўкалдош» ЎМИБЙ
Матбуот хизмати

Read 772 times

Янгиликлар

Top