Ўзбекистон янгиликлари

Бугун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Медиамарказида Халқаро Пресс-клуб ташкилотчилигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга тарихий ташрифи якунлари туркумидан “Бағрикенг ислом: тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги анжуман бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси ва бошқа диний ташкилотлар раҳбарлари, Ислом академияси, Тошкент ислом университети вакиллари, “Маҳалла” фонди фаоллари, экспертлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Анжуманни кириш сўзи билан очган модератор Ж.Усмонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида сўзлаган тарихий нутқида илгари сурилган ташаббуслар ва уларнинг аҳамияти ҳақида туркум сессиялар ўтказилаётгани, бугун ана шу мулоқот доирасида “Бағрикенг ислом: тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида фикр алмашинишини маълум қилди.

Шундан сўнг анжуман иштирокчиларини сессия спикерлари билан таништирди: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Рус правослов черкови Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий, Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Мунавваров,  Имом Бухорий халқаро маркази директори Шорасул Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Убайдулло Уватов.

Анжуманда нутқ сўзлаган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазкур нутқда соғлом ислом дини эътиқодининг мустаҳкам ҳимоясига қаратилган  ташаббусни диндорлар ва дунёдаги диний ташкилотлар катта хурсандчилик билан кутиб олганига эътибор қаратиб, жумладан бундай дедилар: “Муҳтарам Президентимиз ҳар бир чиқишларида фуқаролар дарду ташвишларини енгиллатиш, уларнинг хоҳиш-истакларини таъминлаш,  нафақат моддий, маънавий эҳтиёжларини қондириш борасидаги саъйи ҳаракат кўрсатишлари барчамизни жуда ҳам хурсанд қилади.

Ҳаммамизнинг хабаримиз борки, 19 сентябрь куни муҳтарам Президентимиз  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Президентимизнинг нутқи муборак динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган жуда катта вазифа эканини таъкид қилдилар. Шундай деб айтдилар: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.

Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.

Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деб марҳамат қилдилар.

Ҳақиқатан, бугунги мураккаб ва таҳликали замонда кўпгина воеқалар содир бўляпти, Бу воқеалар муборак  динимиз номидан сохта шиорлар тўқишлик оқибатида юз бермоқда, Бунинг натижасида бегуноҳ инсонларнинг қони тўкиляпти. Бундан кексалар, аёллар, болалар кўп жабр чекяпти. Яна бир афсусланарли жиҳати шуки, исломга умуман алоқаси бўлмаган кимсалар бу жиноятни қилсалар, дарров муқаддас динимизнинг номи билан боғлаяптилар. Бу албатта, бизни жуда ҳам ташвишга солади. Улар эзгуликка, маърифатга бағишланган динни ёмон кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Ана шундай бир ҳолатда муҳтарам Президентимиз томонларидан юксак минбардан туриб ислом динининг асл моҳияти инсонпарварлик ва тинчлик эканлиги, уни қораловчилар билан ҳеч қачон муроса қила олмаслигининг баралла айтилиши мустаҳкам эътиқод ва катта шижоатнинг яққол намоён бўлиши эди...”      

Рус правослов черкови Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий ўз нутқида террорчилик, диний экстремизм каби бузғунчи кучларнинг ҳеч бир динга алоқаси йўқлиги, улар халқнинг ишончига кириш учун муқаддас динлардан ўзларига қалқон сифатида фойдаланишлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, митрополит Викентий мусулмонлар орасида реакцион оқимлар пайдо бўлганидек, насронийлар орасида ҳам шовинистик руҳдаги  реакцион ва тажовузкор кучлар пайдо бўлиб, улар ҳам кўплаб соддадил инсонларни йўлдан оздиришга ўринаётгани маълум бўлиб, уларга қарши муросасиз кураш олиб борилаётганига тўхталди.

Ундан кейин маъруза қилган сессия спикерлари ҳам ислом динининг моҳияти тинчлик ва эзгулик экани ҳақида атрофлича сўз юритиб, юртбошимизнинг юксак минбарда сўзлаган оташин нутқи кўплаб давлатлар раҳбарлари томонидан ҳақиқий жасорат деб баҳоланганини айтишди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 5950 times

Янгиликлар

Top