Ўзбекистон янгиликлари

Олий мадрасада халқаро анжуман ўтказилди

Бугун, 28 сентябрь куни Мир Араб олий мадрасасида “Бухоронинг Ислом илмлари ривожидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари, ЎМИ Бухоро вилояти вакили, юртимизда фаолияти юритаётган бир қатор халқаро илмий-тадқиқот марказларининг уламолари, диний таълим муассасаларининг устоз ва талабалари иштирок этди.

Тадбирни Олий мадраса ректори Жобир домла Элов кириш сўзи билан очиб, тадбир қатнашчиларининг анжумандаги иштироки учун миннатдорлик билдириб, Бухоронинг Ислом дини ривожидаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Сўнг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори Шовосил Зиёдов йиғилганларга “Бухоро Ислом илмлари ривожида Муҳаммад Порсо кутубхонасининг ўрни” мавзусида ноёб маълумотлар асосида маъруза қилди.

Халқаро анжуман давомида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, фалсафа фанлари доктори Шайх Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг “Бухоронинг Ислом уламоларини етиштириб чиқаришдаги ҳиссаси” мавзусидаги чиқишлари барчани қизиқишига сабаб бўлди.

Тадбирда Ҳадис илми мактабида таълим бераётган Миср Араб Республикаси “Ал-Азҳар” университети катта ўқитувчиси Шайх Жамолиддин Ҳошим Маҳмуднинг “Бухоро фақиҳларининг фиқҳ ривожидаги ўрни” ҳақидаги маърузаси кўпчиликнинг эътиборига тушди.

Шунингдек, Бухоро давлат университетида таълим бераётган Миср Араб Республикаси “Ал-Азҳар” университетининг профессори, манбашунос, тилшунос олим, профессор Айман Усмон “Исломда бағрикенглик маданияти” мавзусидаги чиқиши ҳам ниҳоятда манфаатли бўлди.

Анжуманда давомида Мир Араб олий мадрасасида таълим бераётган Миср Араб Республикаси “Ал-Азҳар” университетининг усулид дин фанлари доктори Шайх Аҳмад Ражаб Аҳмад Адави “Имом Бухорий – Бухоро фахри” ҳамда “Ал-Азҳар” университетининг усулид дин фанлари доктори Шайх Аҳмад Муҳаммад Али “Бухоро уламоларининг мусулмонларга фазлу марҳамати” мавзусида маъруза қилди.

Анжуман якунида конференция барча учун манфаатли бўлгани эътироф этилиб, барча иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 921 times

Янгиликлар

Top