Ўзбекистон янгиликлари

Мустаҳкам эътиқод, катта шижоат, чинакам жасорат ифодаси

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом академияси, Ислом цивилизация маркази, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимлари, Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов нутқ сўзлади:

Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳийм.

– Муҳтарам Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқини кенг жамоатчилик қизғин муҳокама қилмоқда. Ушбу маърузада дунёнинг ўткир муаммолари бўлган глобал масалаларга эътибор қаратилди. Муаммолар ечими юзасидан билдирилган аниқ, ҳаётий таклифларни сессия иштирокчилари якдиллик билан қўллаб-қувватлади.

Ушбу тарихий нутқда алоҳида эътибор берилган масалалардан бири – ислом маърифати масаласи бўлди. Юртбошимиз нуфузли минбардан туриб, қуйидаги муҳим ташаббусни илгари сурдилар: «Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат».

Динимизнинг мўътабар манбаларида маърифатли бўлиш ҳақида кўплаб ривоятлар келган. Жумладан, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

"مَن أَرَادَ الدَّنيَا فَلِيَتَّجِرْ وَ مَن أَرَادَ الآخِرَةَ فَلِيَتَزَهَّدْ وَ مَن أَرَادَهُمَا فَلِيَتَعَلَّمْ

яъни, “Ким дунёни хоҳласа тижорат қилсин, кимки охиратни хоҳласа зоҳид бўлсин ва кимки иккисини ҳам хоҳласа илм олсин”.

Яна бир ҳадиси шарифда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ"

яъни, “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, уясидаги чумоли,  ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчи олимга салавот айтадилар” (Имом Термизий ривояти).

Муҳтарам Президентимиз ўз нутқида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини жаҳон афкор оммасига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлар экан, жумладан, шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Нутққа хорижий мамлакатларнинг кўплаб таниқли вакиллари ўз муносабатларини билдирмоқда. Жумладан, Латвия Фанлар академияси Иқтисодиёт илмий-тадқиқот институти директори Нина Линде хоним шундай деган: “Ўзбекистон етакчисининг мазкур нутқини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Ўзбекистон неча-неча асрлар давомида анъанавий, инсонпарвар ҳамда бағрикенг исломнинг маркази бўлиб келган. Шу боис Шавкат Мирзиёевнинг ислом динининг асл қадриятлари халқаро ҳамжамият томонидан теран англаниши муҳимлиги ҳақидаги таклифлари мутлақо мантиқлидир.

Бу ислом динига нисбатан сабрли ва ҳурматда бўлиш, Европа жамоатчилигини бир қолипдаги қарашлардан халос этишга кўмаклашиш имконини берган бўлур эди”.

Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори Моҳд Юсуф Усмон эса бундай дейди: “Бугунги кунда турли бузғунчи кучлар одамлар онгини заҳарлашнинг кўп қиррали услубларидан кенг фойдаланмоқдаки, бунда улар ҳар бир инсон учун муқаддас бўлган динни ниқоб қилишдан ҳам тап тортишмаётир. Бундай вазият, аксарият ҳолларда, мусулмон бўлмаган мамлакатлар вакилларининг ҳақиқий ислом қадриятларини тўла тушунмаслигига олиб келаётгани баробарида, ислом динига асоссиз маломатлар ёғилишига ҳам сабаб бўляпти. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу муқаддас динни зўравонлик ва хунрезлик билан бир қаторга қўймаслик зарурлиги, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини жаҳон жамоатчилигига етказиш тўғрисидаги даъватлари жуда долзарбдир”.

Дарҳақиқат, ана шундай мураккаб бир шароитда муҳтарам Президентимиз дунёнинг энг юксак минбарида туриб Ислом динининг асл моҳияти инсонпарварлик ва тинчлик экани, уни қораловчилар билан ҳеч қачон муроса қилинмаслигини баралла айтиши мустаҳкам эътиқод, катта шижоат, чинакам жасоратдир. Буни кўплаб давлатлар раҳбарлари ҳам, нуфузли сиёсатчилар ҳам эътироф этмоқда. Дунёда, айниқса, мусулмон оламида Ўзбекистоннинг дўстлари янада кўпаймоқда.

Ўрни келганда айтиб ўтиш керакки, муҳтарам Президентимиз ҳар бир чиқишларида “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” шиорини илгари суриб, олимларнинг кўпайиши жуда ҳам фазилатли ҳодиса эканини таъкидлаб келадилар. Ана ўша фикрларини умумлаштириб, юқори минбардан туриб, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашадиган “Маърифат ва диний бағрикенглик” борасида махсус ҳужжат қабул қилиш зарурлигини баралла айтиб ўтдилар.

Дарҳақиқат, динимиз манбарларида, хусусан, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида ҳам олимнинг ҳатто обиддан ҳам афзаллиги тўғрисида ривоятлар келган. Жумладан, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги мавжудотлар, ердаги мавжудотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли ҳудди тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди», деганлар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Президентимиз нутқи якунлангандан кейин залда ўтирганларнинг олқишлари хийла вақт давом этди. Кўплаб давлат раҳбарлари муҳтарам Президентимизни табриклаб, ўз фикрларини билдирди. Хусусан, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳеч ким ислом динининг қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмагани, ҳеч қачон Имом Бухорийдек улуғ алломанинг номини тилга олмаганини алоҳида таъкидлаб, таҳсинлар айтди.

Мисрнинг “Ал-Вафд” газетасида “Ўзбекистон Президенти БМТ минбаридан туриб ёшлар ҳақида ташаббус билан чиқди” сарлавҳали катта мақоласини эълон қилди. Унда Ўзбекистон Президенти БМТнинг йиғинида ёшлар ҳуқуқини таъминлаш хусусида қонунни ишлаб чиқиш борасидаги таклифига юқори баҳо берилган. Шунингдек, ҳозирда ёшлар учун мос бўлган шароитларни яратиш ва экстремистик ғоялар қаршисида тўсиқ қўйиш жуда ҳам аҳамиятли иш экани таъкидланган. Бу нарсага эришишнинг бирдан бир йўли, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш экани таъкидланган.

“Аш-Шарқул ал-Авсат” ахборот агентлигининг хабарида, дунёда террорга қарши куч ишлатиш унчалик манфаат бермаётгани таъкидланган. Ўз навбатида Ўзбекистон бу борада фаол иш олиб бориб, тинч йўл билан яъни, маърифат билан кураш олиб боришга барчани даъват этаётгани алоҳида эътироф қилинган.

Ғарб нашрларида муҳтарам Президентимизнинг “энди фуқаролар давлат ташкилотларига эмас, давлат ташкилотлари фуқароларга хизмат қилиш керак” деган гапларига урғу берилган. Шунингдек, уларда Ўзбекистон халқи учун ҳозирги давр – жадал тараққиёт даври эканини таъкидланиб, тез суръатлар билан қадамлар ташланиши Президент томонидан ишончни мустаҳкамланганини таъкидлаган.

Биз мўмин-мусулмонлар ана шундай эътироф ва таҳсинлардан юксак ифтихор туйғусини юракдан ҳис этиб, қалбларимизнинг энг нозик нуқталари ҳам таъсирланганини очиқ-ойдин айтишимиз керак. Бунинг учун Яратган Парвардигорга чексиз шукроналар келтиришимиз даркор.

Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Мунавваров ўз нутқида ёшларни пухта илм олишга тарғиб этиб, очилаётган янги марказлар, олий билим юртлари, академия-ю марказлар... уларнинг барча-барчаси Президентимиз нутқида алоҳида урғу берилган маърифатли бўлиш воситалари экани, бу даргоҳлар пухта илм эгаллаган ёшларни қучоқ очиб кутиб олишини айтиб, ёшларни илм сирларини яхши ўзлаштиришга даъват этди.

Ислом академияси ректори, академик Неъматулло Иброҳимов домла мустабид тузум даврида диний олимлар қандай машаққатлар остида илм қилганини ёшларга ибрат учун сўзлаб берди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Ортиқбек Юсупов ҳамда Ислом институти ректори Уйғун Ғафуровлар Президентимизнинг “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” шиори тўғрисида сўз юритиб, агар одамлар ёшлигидан илм ўрганса, оқ-қорани таниб вояга етса, ҳар бир инсон ўзининг  фикрида собит тура оладиган шахс сифатида шаклланса, бундай жамиятда нафақат террорчилик, балки бошқа муаммолар ҳам ўз-ўзидан барҳам топиб кетиши ҳақида сўз юритдилар.

Шундан кейин ёшлар вакили сифатида сўзга чиққан Тошкент ислом институти талабаси Улуғбек Ҳусанов Давлатимиз раҳбарининг ҳатто БМТ Бош минбарида туриб ҳам ёшларни ўйлаганлари, нафақат Ўзбекистонимиз ёшлари, балки дунё ёшлари ҳақида қайғурганини кўриб ниҳоятда тўлқинланиб кетганини изҳор қилди ҳамда муҳтарам Президентимиз ишонч билдирганидек, малакали мутахассис бўлиб етишиш учун астойдил илм олишда давом этишини маълум қилди.

Анжуман сўнгида муфтий ҳазратлари юртимизга тинчлик, юртбошимизга омонлик, юртдошларимизга фаровонлик, ёшларимизга илму ирфон сўраб дуога қўл очдилар.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Read 4958 times

Янгиликлар

Top