Ўзбекистон янгиликлари

Ислом цивилизацияси маркази: истиқболдаги ишлар

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизация маркази, Ислом академияси ҳамкорлигида Ислом цивилизацияси марказига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда юқорида номи тилга олинган ташкилотлар, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимлари, Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари юзасидан фикр алмашилди.

Дастлаб Ислом цивилизацияси раҳбари Шоазим Мунавваров марказ қурилишига доир ахборот берди ва шу аснода марказ қошида очиладиган музейга ҳар бир юртдошимиз ўз фикри билан қатнашиши, топа олса, экспонатлар сирасига кирадиган ашёлар билан ёрдам этиши даркорлигини айтди. Шунингдек, масжидларнинг имом-хатиблари бир донадан бўлса ҳам қўлёзма ёки шунга ўхшаш бир ашё топиб келишидан умидвор эканини маълум қилди.

Марказ раҳбарининг таъкидлашича, бу музей учраган экспонат дуч келган жойга ўрнатиб қўйиладиган музей бўлмайди. Унинг ҳар бир қарич ерига нималар ўрнатиш кераклигини мутахассис олимлар пухта ўрганмоқда. Бундан ташқари, музейга ашё топширган кишининг номи ўзи топширган экспонат ёнига ёзиб қўйилади.

Шундан сўнг сўз навбати берилган Ўзбекистон халқлари тарихи музейи директори Жаннат Исмоилова музейшунослик борасидаги тажрибаларини сўзлаб бераркан, жумладан, бундай деди: “Бизнинг юрт муҳташам бинолари, ўзига хос меъморий ечимга эга обидалари, зукко инсонлари ва бошқа фазилатлари билан ислом дини тараққий этиши учун ғоят ўнғай жой бўлган”.

Марказнинг фаолияти, музей ва кутубхона юзасидан таниқли олимлар ва ижодкорлар кўплаб ажойиб фикрлар айтишганидан кейин Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари

– Биз Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барпо бўлаётган, бутун олам аҳли кўз тикиб турган ниҳоятда жиддий масала хусусида суҳбатлашяпмиз. Шунинг учун шошилмасдан аудиторияга бир оз вақт берайлик – ҳафта, ўн кун ичида кишилар ўзлари ўйлаган фикрларни миясида пишитиб олади. Ундан кейин эса идорамизнинг Ахборот хизматига етказса, яхши бўлади, – дедилар.

Бу таклиф барчага маъқул бўлди ва шундай қарорга келинди.

Муҳтарам ўқувчи, агар музейбоп ашёлар ёки кутубхонани бойитадиган қадимий китоблар ёхуд ушбу мавзуга оид фикрлар сизда ҳам бўлса, марҳамат, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ахборот хизматига ёки “muslim.uz” порталига ёзиб юборсангиз мамнун бўламиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Read 9169 times

Янгиликлар

Top