Ўзбекистон янгиликлари

Уламолар Кенгаши йиғилишида муҳим масалалар муҳокама қилинди

Бугун, 12 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиблари, диний таълим муассасалари ҳамда илмий-марказлар раҳбарлари, таниқли уламолар ва имом-домлалар иштирок этди.

Мажлис Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар ила бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Уламолар Кенгаши раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназар ҳазратлари иштирокчиларга 2023 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган хайрли ишлар тўғрисида маълумот бериш асносида барча диний соҳа ходимларини мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини тўла таъминлаш, ислом уммати бирлигини мустаҳкамлаш ва ўлкамиз фаровонлиги йўлида янада ғайрат билан меҳнат қилишга даъват этдилар. Дин пешволари аввало халқимиз томонидан берилган ишончни оқлаш даркорлиги, бунинг учун эса тинимсиз меҳнат қилиш, изланишлар олиб бориш ва касб-маҳоратни муттасил ошириш зарурлигига эътибор қаратдилар.

Муфтий ҳазратлари имом-хатиблар шариат ва ибодатга тегишли масалаларни доимий ўрганиб бориши, аҳоли билан ишлаш кўламини кенгайтириш, кунлик намозларда фаол қатнашиш, интернетда чиқишлар сифатини ошириш, иш фаолиятда ҳалоллик ва садоқатни бош мезон, деб билиш баробарида имомнинг энг асосий фазилати Аллоҳга тақво қилиш эканига катта урғу қаратдилар.

Муҳокамаларда сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Махсудов Давронбек ва бошқа мутасаддилар томонидан бугунги ҳаёт талаблари қатъийлашиб бораётгани, замонавий таҳдидлар ва хуружларга имом-хатиблар биринчи навбатда қарши туришлари алоҳида қайд этилди. Ўз навбатида, ҳар бир диний соҳа ходими ўзи масъул бўлган ишни танқидий баҳолаш билан бир қаторда зиммасига юклатилган вазифани масъулият билан бажариш таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов томонидан Ўзбекистон мусулмонлари мусулмонлари идораси меъёрий ҳужжатлари, ҳудудий вакилликлар иш самарадорлигини ошириш борасидаги янги лойиҳалар муҳокамага қўйилди.

Йиғилишда кўтарилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

збекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1098 times

Янгиликлар

Top