Ўзбекистон янгиликлари

Катта тадбир олдидан...

Жорий йилнинг 17-22 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.

Унда Озарбайжон, Россия, Буюк Британия, Германия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби давлатлардан вакиллар иштирок этиши кўзда тутилган.

Тадбирни юқори савияда ўтказиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмитада ташриф дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.

Шунингдек, 18 октябрь куни ўтадиган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция дастури Озарбайжон томонига ҳам тақдим қилинган, Уларнинг фикри ва таклифлари олингандан сўнг қайта кўриб чиқилди.

Айни кунларда конференцияга тайёргарлик ишлари қуйидаги йўналишлар бўйича давом этмоқда: 

Конференциянинг ташкилий ишларини марказлашган ҳолда олиб бориш мақсадида ЎМИ халқаро алоқалар бўлими хонасида Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилди. Штаб аъзолари 15-23 октябрь кунлари 24 соат давомида навбатчилик қилади;

Пойтахтдаги конференция ўтказиладиган “Симпозиумлар саройи” анжуман руҳига мос равишда безалади;

Конференцияда сўзга чиқадиган нотиқларнинг маъруза матнларини жамлаш ва нашр этиш чоралари кўрилмоқда;

Самарқанд ва Бухоро вилоятларида конференцияга пухта тайёргарлик кўрилмоқда;

Конференцияда 900 киши иштирок этади. Улар республикамиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, диний соҳа ходимлари, республикада фаолият кўрсатаётган диний конфессия вакиллари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари ва чет элдан ташриф буюраётган меҳмонлардан иборат бўлади;

Эътиборли меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун Диний қўмита, Ўзбекистон  мусулмонлари идораси ва Тошкент давлат ислом университетининг хизмат машиналари шайлаб қўйилди;

Хорижлик меҳмонларнинг визасини расмийлаштириш, конференция иштирокчиларини “Симпозиумлар саройи”га жойлаштириш режалари тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилди.

Халқаро конференция материалларини – конференция эмблемаси туширилган портфель тайёрлаб, унинг ичига Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ва эришилган ютуқларни тарғиб этувчи китоб, журнал, буклет, ручка, қалам, блокнот ва иш дафтарини жойлаштириш масаласи ҳам ташкилотчилар  эътиборидан четда қолмаган.

“Симпозиумлар саройи” анвойи гуллар билан безатилади ва чанқоқбосди ичимликлар ҳамда тушлик ва кофе-брейк ташкил этилади; 

Пойтахтдаги туман бош имом-хатиблари вилоятлардан келадиган имом-хатибларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, конференцияда иштирок қилиш ва кузатиш ишларига кўмаклашади;

Конференция жараёни ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида ёритилиб, хабар, мақола ва видеолавҳалар оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет тармоқларида эълон қилиб борилади;

Конференцияга тайёргарлик кўриш жараёни, уни ўтказиш бўйича қилинаётган тадбирлар ижтимоий тармоқларда онлайн тарзда узатилади;

“Симпозиумлар” саройида китоблар кўргазмаси ташкил этилади ҳамда пресс-релиз тайёрланиб тарқатилади;

Конференция ишида фойдаланиш учун нишон (эмблема), баннерлар ва ёзувли лавҳалар тайёрланади, хорижлик меҳмонлар эса таржимонлар билан таъминланади;  

Конференциядаги маъруза матнлари тўплам ҳолига келтирилиб  чоп этилади.

Халқаро конференцияга тайёргарлик ишлари ҳозир айни қизғин палласида. Зеро, кўплаб давлатлардан меҳмонлар келадиган, кўплаб диний конфессиялар вакиллари иштирок этиши кутилаётган анжуманни юксак савияда ўтказиш, меҳмонларга юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини чиройли тарзда тушунтириб бериш ва шу каби ишлар ғоят масъулиятли вазифалардир. 

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Read 6583 times

Янгиликлар

Top