Ўзбекистон янгиликлари

Шайхул ислом ўқиган мадрасага ташриф

Аввал хабар қилинган, 2017 йил 18 октябрь куни Озарбайжон давлати билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” номли халқаро анжуманга тайёргарлик кўриш доирасида шу ҳафта аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов Бухоро шаҳрига ташриф буюришди. Ушбу халқаро анжуман муносабати билан Ўзбекистон Республикаси, жумладан, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига юқори мартабали меҳмонлар ва Кавказ мусулмонлари идораси раҳбарияти ташрифи кутилаётгани муносабати билан жойлардаги тайёргарлик ишлари кўздан кечирилди.

Муфтий ҳазратлари мадраса ўқув биноси ва таълим жараёни билан яқиндан танишдилар. Мир Араб мадрасасида олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, таъмир жараёни ва ўқув хоналарини жиҳозлаш бўйича бажарилган ишлар кўздан кечирилди. Ўз навбатида синф хоналарнинг жиҳозланиши бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, билим юртининг фахрий битирувчилари таҳсил олган синф хоналар, хусусан, Чеченистон Республикасининг биринчи Президенти Аҳмад Қодиров ва Шайхул ислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг ушбу мадрасада таҳсил олган хоналари ҳолати билан яқиндан танишилди.

Меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида ҳам бўлиб, у ерда янги ташкил этилган Мир Араб олий мадрасасидаги талабларнинг ўқув жараёни ва ётоқхонадаги шароитлар билан яқиндан танишишди. Муфтий ҳазратлари билим юртидаги шарт-шароитларни янада яхшилаш борасидаги таклиф ва мулоҳазаларини билдираркан, ахборот ресурс маркази ва компьютер технологияларидан самарали фойдаланиш, кутубхона фондини янада бойитиш, талабалар чет тилларини, хусусан, инглиз ва араб тилларини чуқур ўзлаштириш зарурлигига алоҳида урғу қаратдилар.

Меҳмонларга Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев хамроҳлик қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 5412 times

Янгиликлар

Top