Ўзбекистон янгиликлари

Бугун, 27 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари билан учрашув ўтказдилар.


Самимий мулоқот чоғида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай ҳожи жанобларига Тошкент, Бухоро шаҳарларидаги нуфузли тадбирлар ва халқаро конференцияларда фаол иштироклари учун ташаккур айтиб, қозоғистонлик уламоларнинг халқаро форумдаги чиқишларини юқори баҳоладилар. Ўз навбатида Қозоғистон бош муфтийси самимий таклиф, хайрли дуо ва тилаклар учун миннатдорлик билдириб, муваффақиятлар тилади.


Учрашувда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик диний-маърифий жабҳада ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги биродарликни янада мустаҳкамланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилгани ҳам алоҳида таъкидланди.


Мулоқотда Ўзбекистон томонининг Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралар раҳбарлари кенгаши ҳузурида Фатво ҳайъатини тузиш таклифининг амалий аҳамияти жуда юқори эканига урғу қаратилди. Мазкур ҳайъат глобал масалалардаги фатволар лойиҳасини ишлаб чиқиш, фатво идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш каби муҳим вазифалар билан шуғулланиши билан янада аҳамиятли эканига эътибор қаратилди.


Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари икки давлат диний идоралари ҳамкорлигида амалга оширилаётган хайрли ишлар, мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш, хусусан биргаликда глобал фатволарни ишлаб чиқиш, қардош халқларнинг диний эҳтиёжларини тўғри таъминлаш кабиларга ҳам тўхталдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1040 times

Янгиликлар

Top