Ўзбекистон янгиликлари

Миср муфтийси: Ўзбекистон ислом илм-фани ва маданияти бешиги

27 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Алломни қабул қилдилар.

Мулоқот чоғида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Шавқий Иброҳим Аллом жанобларига Ўзбекистондаги нуфузли тадбирлар ва халқаро конференцияларда фаол иштироклари учун миннатдорлик билдириб, у киши томонидан нуфузли тадбирларда билдирилган муҳим таклифларни юқори баҳоладилар.

Учрашув чоғида икки давлат муфтийлари Миср ва Ўзбекистон қадимдан Ислом дини марказлари бўлгани, бу диёрлардан етишиб чиққан алломалар, хусусан, Имом Бухорий, “Соҳиби Ҳидоя” Бурҳониддин Марғилоний, “Бадоиъус-саноиъ” муаллифи Имом Косоний, шунингдек, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек сингари улуғ мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланиш кераклиги, шу каби алломаларнинг бутун дунёда Исломнинг ёйилиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшганлари, бу қадим анъана бугунги кунда ҳам давом этаётганини таъкидладилар.

Хусусан, Ўзбекистон ва Миср давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида икки давлат диний идоралари бутун дунё Ислом олами мамлакатлари учун бугунги куннинг долзарб мавзуларига бағишланган мана шундай халқаро анжуманлар, учрашувлар ва мулоқотлар ўтказаётганларини қайд этдилар.

Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво марказига ташриф буюрдилар.

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Read 972 times

Янгиликлар

Top