Ўзбекистон янгиликлари

Салоҳ Муҳаммад Солим Абул Ҳаж Академияда меҳмон бўлди

Ислом илмлари халқаро университети ҳанафий фиқҳи факультети декани, профессор Салоҳ Муҳаммад Солим Абул Ҳаж Ўзбекистон халқаро ислом академиясида меҳмон бўлди.

Ҳурматли меҳмон билан учрашувда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, ректор маслаҳатчиси Ўткир Ҳасанбоев, проректорлар – Илёс Мирзиётов, Зоҳиджон Исломов, Зокиржон Рўзиев, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Баҳодир Хўжаев, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Салоҳ Муҳаммад Солим Абулҳож 1974 йили 24 июлда Иорданиянинг Уммон шаҳрида туғилган. 2002-йили Бағдод университетининг шариат факультетида ҳанафий фиқҳи бўйича докторлик даражасини олган. 2006 йили Иорданиядаги Балқо амалий университетининг усулуд дин факультетида ассистент (ёрдамчи устоз) вазифасини эгаллаган. 2016 йили Иорданиядаги Ислом илмлари университетидаги Шариат ва қонун факультетида профессор лавозимига тайинланган.

Олим Иорданиядаги шариат матнларини қадимий услубда ўргатишга ва фатволар беришга ихтисослашган “Анворул уламо” номли ўқув марказини ташкил этган.

Туркия, Фаластин, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда ташкил этилган бир қанча конференцияларда иштирок этган ҳамда турли хорижий тилларга таржима қилинган кўплаб китоблар муаллифи ҳисобланади.

Учрашувда Академия вакиллари Салоҳ Муҳаммад Солим Абулҳожни юртимизда, хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида кўриб турганидан мамнунлигини билдирди.

Шундан сўнг Академия ректори юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар жараёни ҳақида сўз юритди. Сўнгги йилларда ислом илм-фани ва маданиятининг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб беришда Ўзбекистон халқаро ислом академияси бошқа диний-таълим муассасалари орасида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Суҳбат давомида Академия илмий салоҳияти, факультетлар ва улардаги таълим йўналишлари, талабаларга билим беришда ўзига хос ёндашувлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида хассос соҳа – муқаддас ислом динини илмий нуқтайи назардан фундаментал тадқиқ этиш, улуғ алломаларимиз маънавий меросини қайта кашф этиш орқали дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшадиган юксак салоҳиятли, рақобатбардош мутахассис кадрларни тайёрлашда тизимли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.

Самимий мулоқотда Салоҳ Муҳаммад Солим Абулҳож юқори даражадаги ҳурмат ва меҳмондўстлик учун Академия мутасаддиларига самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди. Бу замин азалдан йирик уламолар, мутафаккирлар юрти эканини эътироф этди.

Учрашув якунида ҳурматли меҳмонга эсдалик совғаси топширилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати

Read 958 times

Янгиликлар

Top