Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Тожикистон муфтийлари фатво тайёрлашда ҳамкорлик қилишни муҳокама қилдилар

Шу йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода жанобларини қабул қилдилар. Мартабали меҳмонга Тошкент шаҳридаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мудири Абдулҳаким қори Матқулов доимий ҳамроҳлик қилмоқда.

Самимий суҳбат чоғида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари меҳмонни юртимизга ташрифи ва халқаро анжуманлардаги фаол иштироки учун миннатдорлик изҳор этдилар. Ўз навбатида Саидмукаррам Абдуқодирзода таклиф ва юқори даражада ташкил этилган тадбирлар учун ташаккур билдирди.

Мулоқотда томонлар азал-азалдан бир-бирига яқин қўшни, қондош-қариндош икки халқнинг бир-бирига меҳри ҳамиша осмон қадар баланд эканини таъкидладилар. Шунингдек, икки давлат раҳбарларининг одилона ва оқилона саъй-ҳаракатлари туфайли урф-одатлари, анъаналари, қадриятлари бири-бирига ҳамоҳанг бўлган икки халқнинг ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлаётгани эътироф этилди.

Муфтийлар муҳим масалаларда фатволар ишлаб чиқиш, долзарб шаръий масалаларга ечим топиш ҳамда Рамазон ва икки ҳайит кунларини аниқлаш, шунингдек, даврнинг ўткир мавзуларида турли учрашув ва мулоқотлар қилишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода жаноблари Тошкент шаҳридаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мудири Абдулҳаким қори Матқуловга доимий ҳамроҳлик давомида кўрсатган хизматлари, меҳмондорчиликлари ҳамда ташкилий ишларни энг юқори даражада ташкил этганлари учун чуқур миннатдорлик изҳор этдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 939 times

Янгиликлар

Top