Ўзбекистон янгиликлари

“Сибир – мулоқот ҳудуди” халқаро форуми бўлиб ўтди

Россия Федерациясининг Томск шаҳрида 22-25 ноябр кунлари ташкил этилган “Сибир – мулоқот ҳудуди” халқаро форумида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вакили иштирок этди.

Яман, Ливан, Финляндия, Монголия, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа хорижий давлатлардан келган 80 дан зиёд муфтийлар, уламолар, сиёсий арбоблар, замонавий олимлар, соха мутахассислари, кўплаб дин вакиллари, элчи ва дипломатлар қатнашган нуфузли халқаро форумда идора вакили Иброҳимжон домла Иномов “Ислом динида бағрикенглик асослари” мавзусида маъруза қилиб берди. Нутқда айтилган Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлар, хусусан диний сохадаги жиддий ўзгаришлар ва кўплаб янгиликлар халқаро анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Халқаро форумда "Ислом ва православлик – кўпасрлик ҳамкорлик тажрибаси. Ҳозирги замон таҳдидларига жавоблар" мавзусида турли муҳокамалар ва долзарб мунозаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси ва ўзбек диаспораси томонларидан ташкил этилган учрашувларда Новосибирск ва Томск шаҳарларида яшаб хизмат қилаётган ватандошлар, ўқув даргоҳларида таҳсил олаётган талабалар билан дилдан ўтказилган суҳбатларда миллий ва диний қадриятлар хусусида сўзлаб берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 905 times

Янгиликлар

Top