Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия ва Ўзбекистон ўртасида зиёрат туризми йўлга қўйилади

2017 йил 31 октябрь куни Малайзия Республикаси Жоҳор штати Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Яҳё Аҳмад бошчилигидаги 20 кишидан иборат делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.

Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров қабул қилди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов меҳмонларини ташриф билан қутлаб, Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ишлар, турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик тўғрисида гапирди. Шунингдек, у ўз сўзида мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қилинаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар тўғрисида алоҳида тўхталди. Малайзия делегацияси раҳбари Яҳё ибн Аҳмад жаноблари ҳам ушбу ташрифдан кўзланган мақсад, дўстона алоқаларни ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш эканини билдирди.

Шунингдек, меҳмон ўз сўзида, Ўзбекистон замини қадим-қадимдан азиз авлиёлар, олиму уламолар ватани экани, бу диёрдан Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ зотлар етишиб чиққанини сўзлади. Шу нуқтаи назардан, Яҳё ибн Аҳмад малайзияликлар доимо руҳий озуқа оладиган ва инсон қалби таскин топиб, кишини маънавий юксалишига хизмат қиладиган Ўзбекистондаги мана шундай табаррук қадамжоларнинг зиёратига ошиқишларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов муҳтарам Президентимиз томонларидан мусулмон давлатлари, айниқса, Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар жадал кетаётганини алоҳида қайд этди. О.Юсупов сўзида давом этиб, туризм йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича, ўзи қўмита раиси сифатида, Малайзия давлати бўйича Ўзбекистон томонидан масъул эканини таъкидлаб, ҳозирги кунда ушбу диёрдан юртимизга 5000 сайёҳ зиёратга келиши, келгуси йилларда бу кўрсатгични икки бараварга ошириш режаси борлигини маълум қилди. Шу нуқтаи назардан Малайзия томони билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ва бу борада жуда кўп имтиёзлар борлигини изоҳлади.

Шунингдек, малайзиялик умра ва ҳаж зиёратчиларига ўз сафарларини Ўзбекистон давлати орқали амалга ошириб, диёримиздаги исломий обидаларни зиёрат қилиш таклифи тақдим этилди.

 Мулоқотда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров сўз олиб, республикамиз аҳолиси Малайзия давлатини жуда яхши билиши, унинг шаҳарлари ва диққатга сазовор ерларига жуда кўп фуқароларимиз саёҳат уюштиришларини сўзлаб берди. Марказ директори Малайзия халқи меҳмондўст ва бағрикенг экани, бу давлатда бир неча  миллат ва дин вакиллари дўст-иноқ бўлиб яшаши кўпчиликнинг ҳавасини келтиришини алоҳида таъкидлади. Ҳозирги кунда Ўзбекистондан Малайзия давлатига бир ҳафтада иккита рейс амалга оширилаётгани, келгусида худди шундай иккита рейс Малайзиядан Ўзбекистонга амалга оширилиши мақсадга мувофиқ эканини, - Ш.Минаваров қўшимча қилди.

Учрашувда Президентимиз ташаббуси билан туризм йўналишига катта эътибор қаратилаётгани, Малайзия билан туризм йўналиши очилаётгани, диний обидаларга зиёрат қилиш борасида ҳамкорлик қилиш жуда яхши натижалар бериши ҳақида ҳам сўз борди. Шу жумладан, бу борада барча зарур тадбирларни уюштириш, чартер рейсларни ташкил этиш, зиёрат қилиш мақсадида келаётган сайёҳлар учун виза ва рўйхатдан ўтиш тартибларини соддалаштириш борасида Ўзбекистон томони тайёр экани маълум қилинди.

Малайзия делегация раҳбари Яҳё ибн Аҳмад самимий қабул, дўстона учрашув ва зиёрат туризми бўйича амалий таклифлар учун ўз миннатдорлигини билдирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Read 3917 times

Янгиликлар

Top