Ўзбекистон янгиликлари

Диний идорада зиёрат туризми бўйича учрашув бўлиб ўтди

Кеча, 31 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлар идорасида “Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришда ёшларнинг иштироки” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти тингловчилари Ҳазрати Имом мажмуасида саёҳат қилиш билан биргаликда, зиёрат туризми масаласида етакчи мутахассисларнинг фикри тингланди.

Диний идора вакили томонидан тингловчиларга зиёрат қилиш одоби, зиёрат қилиш вақтида ўзини тутиш бўйича тушунчалар бериб ўтилди.

Ўзбекистонда ички туризм ва зиёрат туризмни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида “Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришда ёшларнинг иштироки” мавзусида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, раис маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов, Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти директори Актам Жалиловлар иштирок этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари учрашувда иштирок этиб, зиёрат туризмининг бугунги кундаги аҳамияти ва бу борада исломий ҳамда диний билимларни билишликни муҳимлиги ҳақида ёшларга ўз ўгитларини бериб ўтдилар.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов “Туристик саёҳатларда зиёратгоҳларга ташрифнинг мезонлари хусусида” ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

Семинар доирасида “Зиёрат туризми” ҳақида видеоролик намойиш этилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” асари туҳфа этилди.

Учрашув иштирокчилари Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилдилар ва унинг бунёд бўлиш тарихи билан яқиндан танишдилар.

 

Read 4650 times

Янгиликлар

Top