Ўзбекистон янгиликлари

Қатарнинг етакчи ахборот агентлиги Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофот топширилиши маросимини кенг ёритди

Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан мамлакатимизга қилган амалий ташрифи айни пайт бутун жаҳон оммавий ахборот воситаларидаги асосий мавзулардан бирига айланган. Айниқса, араб дунёси матбуоти ушбу ташриф билан боғлиқ воқеаларга катта аҳамият қаратмоқда.

Хусусан, ҳамкоримиз – Қатар ахборот агентлиги – QNA саҳифаларида юртимизда Қатар Амири иштирокида бўлиб ўтган тадбирлар батафсил ёритилди.

Шу билан бирга QNA сайтида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА Бош директори Абдусаид Кўчимов ва QNA Бош директори Аҳмад бин Саид Ал Румайҳийнинг Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний томонидан таъсис этилган Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофот топширилиши муносабати билан билдирган фикрларига кенг ўрин ажратилди.

ЎзА раҳбари Ўзбекистоннинг глобал миқёсда коррупцияга қарши курашиш, бу борада ижобий натижаларга эришиш учун халқаро ҳамкорлик, илғор хорижий давлатлар билан билим, тажриба алмашишни кучайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаган.

Айни чоғда, ЎзА Бош директори Қатар давлатининг коррупцияга қарши кураш тажрибаси бошқа давлатлар учун ўрнак эканини эътироф этган. Бу жараёнда кучли институтлар барпо этиш, самарали бошқарув, шаффофлик, ҳалоллик ва маданиятни таъминлайдиган қонунлар қабул қилиш, мазкур тамойилларга содиқликни тасдиқловчи стандартларни кенг тарғиб қилиш таклифини илгари сурган.

Қатар Давлати бу йилги мукофот соҳибларини тақдирлаш маросимига мезбонлик қилиш учун Ўзбекистонни танлагани мамлакатимизнинг бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, қолаверса, икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни чуқурлаштириш истаги билан боғлиқлигини англатади.

Ўз навбатида, QNA Бош директори Аҳмад бин Саид Ал Румайҳий 2016 йил илк бор тақдим этилган “Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофот”га жаҳон ҳамжамияти томонидан катта эътибор қаратилаётганига урғу берган. У Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Жаноби Олийлари ва кўплаб бошқа давлатлардан юқори мартабали шахслар қатнашган анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилиши юртимизда коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳақли эътирофи сифатида баҳоланишини таъкидлаган.

ЎзА

                       

Read 771 times

Янгиликлар

Top