Ўзбекистон янгиликлари

Зиёрат туризми бўйича ассоциация ташкил этилади

2017 йил 2 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишларни жадаллашлатириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва юртимиздаги энг етакчи сайёҳлик фирмалар иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров очиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 август кунги «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши давлатимиз томонидан туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, туризм соҳасини жадал ривожлантириш учун қулай муҳитни шакллантирган ҳолда юртимизга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўналишида зиёрат туризми ташкил этилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, мусулмон давлатлари, айниқса, Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар жадал кетаётганини алоҳида қайд этди. Ш.Миноваров сўзида давом этиб, бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбектуризм” ташкилоти билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Жумладан, мамлакатимизда зиёрат туризми ассоциация ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланганини билдирди.
Мажлис иштирокчилари йиғилишда сўзга чиқиб, зиёрат туризми бўйича гидларни қайта тайёрлаш, маълумотнома китобчаларининг янги таҳририни нашр этиш, тарқатма материаллар, буклетлар, баннерлар, слайдлар тайёрлаш, муборак қадамжоларни зиёрат этиш одобларини ишлаб чиқиш, аэропорт ва виза бериш хизматларини енгиллаштириш ҳамда хорижий ҳамкорлар, элчихоналар билан алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Шунингдек, зиёрат туризми бўйича хориж давлатлари тажрибасини ўрганиш, чет эл мамлакатларида ташкил этилаётган сайёҳлик кўргазмаларида қатнашиш ва реклама тадбирларини самарали ташкил этиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 4523 times

Янгиликлар

Top