Ўзбекистон янгиликлари

"ҲАЖ-2024" УЧУН ЯНГИ ЛОЙИҲА ВА ХИЗМАТЛАР БИЛАН ТАНИШИЛДИ

2024 йил 8 январь куни Жидда шаҳрида Ҳаж ва умра хизматлари анжуман-кўргазмасида Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этди. Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бевосита қатнашди.

Тадбирда дунёнинг 80 дан ортиқ давлатларидан вазирлар, муфтийлар, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этишга масъул Саудия Арабистонининг идоралари ва халқаро компаниялар иштирок этди.

Кўргазма доирасида меҳмонхона, овқатланиш, транспорт, қурбонлик, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида хизмат кўрсатиш бўйича замонавий лойиҳалар тақдимот қилинди.

Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа ҳожиларга ўтган йили 20 та йирик ширкат хизмат қилган бўлса, бу йил уларнинг сони 35 тага етиши, Арофат водийларида ҳожиларга қулайлик яратиш мақсадида жами 5 млрд. риёл (1,3 млн. АҚШ доллари) сарфлангани, 14 мингдан ортиқ таҳоратхона қурилгани, ўтган йилларда 44 минг нафар ишчи зиёратчиларга хизмат қилган бўлса, бу йил уларнинг сонини 120 мингга етказилишини билдирди.

Шунингдек, пандемиядан аввал бир йилда 8,5 миллион зиёратчи умра ибодатини адо этган бўлса, 2023 йил 13 млн. 550 минг нафар зиёратчи келганини маълум қилди.

Ушбу анжуман-кўргазма жорий йилнинг 11 январь кунига қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1137 times

Янгиликлар

Top