Ўзбекистон янгиликлари

“Саҳиҳи Муслим” ва “Риёзус Солиҳин” шарҳлари нашр қилинди

Шу йил 16 январь куни Ҳадис илми мактабида устоз ва ижодий ходимлар томонидан нашрга тайёрланиб, чоп этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев, имом-домлалар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида олий мактаб ректори Олимхон домла Юсупов сўз олиб, ўтган йили илмий-ижодий ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳақида қисқача маълумот берди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Зайниддин домла Эшонқулов “Саҳиҳи Муслим”, “Риёзус Солиҳин” шарҳи китобларининг таржима қилингани, нашрдан чиқарилгани мамлакатимизнинг дин соҳасида катта воқеа бўлганини эътироф этди.

Фазилатли шайх, Ал-Азҳар университети доктори Жамолуддин Ҳошим эса мана шундай аҳамиятга молик ишлар Ўзбекистон давлати раҳбари илгари сураётган учинчи ренессанс даврини вужудга келтиришда муҳим пиллапоя бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев жамоани китоб билан қутлар экан, бу натижалар мактабда таълим-тарбия жараёнлари билан бирга илмий-тадқиқот ишлари, ижодий муносабатлар ҳам барҳақлигидан далолат эканини қайд этди.

Китобни таржима қилишда жонбозлик кўрсатган устозлар Ойбек домла Ҳошимов ва Маҳмуджон домла Абдураҳмоновлар ижод машаққатлари, таржима заҳматлари ҳақида сўзлаб беришди. Ушбу хайрли ишга камарбаста бўлганлиги ва хизматлари нишонасини ўқувчиларга тақдим этилаётганидан беҳад миннатдорликларини билдиришди.

Тадбир сўнгида меҳмонларга мазкур китоблар ҳадя қилинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 923 times

Янгиликлар

Top