Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент Ислом институти ва “Ат-Танал ал-арабий” ўртасида меморандум имзоланди (Фотолавҳа)

 

Шу йил 27 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Иордания Ҳошимийлар Қироллигининг “Ат-Танал ал-арабий” – التّنال العربيّ “Араб тилини билиш халқаро сертификати”ни берувчи таълим ва тест ташкилоти ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. 

Маросимда хорижий ташкилот мутасаддилари, институт ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсидиқов, проректор Соатмурод Примов ва профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Маълумот учун, “Ат-Танал ал-арабий” التّنال العربيّ  –  “Араб тилини билиш халқаро сертификати” тест тизими араб тили она тили бўлган мамлакатларда ишлаш, ўқиш, саёҳат қилишга ёрдам беришга мўлжалланган.

Тест давомида араб тилида тинглаш, гапириш, ўқиш ва грамматикани билиш қобилияти баҳоланади. Араб тилини билиш бир неча стандартлар бўйича, хусусан, араб тилини она тилида сўзлашувчиларга ўргатиш стандартлари ва тиллар учун умумий Европа маълумотномаси (CEFR) стандартлари билан таснифланган.

Мулоқот якунида икки муассаса ўртасида Англашув меморандумини имзолаш баробарида “Ат-Танал” ташкилоти мутасаддилари Олиймаъҳадда тест имтиҳонларини ўтказиш учун шароитлар билан яқиндан танишди.  

Мазкур сертификат институтдаги устоз ва талабалар ўртасида  араб тили илмий муҳитини жонлантириш, талабаларнинг дарсга бўлган қизиқиш ва рағбатини кучайтириш, олийгоҳнинг салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 989 times

Янгиликлар

Top