Ўзбекистон янгиликлари

Ватан бўйлаб саёҳат ташкил этилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Ҳидоя” ўрта махсус Ислом таълим муассасаси масъул ходим, педагог-ўқитувчи ва талабалари “Ватан бўйлаб саёҳат” шиори остида маданий экскурсия уюштирилди.

Шу йил 2-4 февраль кунлари таълим муассасасининг 3 нафар устоз ва 14  нафар талабаси саёҳат тадбири доирасида Самарқандда бўлди. Даставвал Имом Бухорий хазратларининг қайта қад рослаётган мажмуаси қурилиши, Регистон мажмуасидаги Шердор, Тиллакори ва Улуғбек мадрасалари, “Шохи Зинда” мажмуасидаги тарихий бинолар, мақбаралар, хусусан, саҳобалардан бири Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қабрлари зиёрат қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасида бўлиб, дуойи хайрлар қилинди.

Саёҳат давомида талабалар Ҳадис илми мактабида бўлди. Унда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон домла Юсупов ҳамроҳлигида таълим масканида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Жорий йил 3 февраль куни “Аждодлар хотираси ёдимизда” шиори остида яна бир саёҳат тадбири ташкил этилди. Унда 50 нафар профессор-ўқитувчи, ишчи-ходим ва талабалар иштирок этди. Унда Фарғона вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳат “Ўрда” мажмуасидан бошланди. Зиёратчилар саёҳат давомида “Худоёрхон саройи”, “Мадрасаи Мир” ва Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар уйи” фаолияти ва бошқа меъморий обидалар билан яқиндан танишди.

Саёҳат давомида зиёратчилар юртимизнинг бой маданий мероси, тарихий обидаларимиз ўтмиши ва бугуни, минтақада яшаб ўтган тарихий шахслар тўғрисида кенг қамровли маълумотлар олди.  

Маънавий ва маърифий руҳдаги бундай тадбирлар ўтказилиши ўқитучи ва ходимларнинг ўтмиш тарихимизни яхшироқ ўрганишга, ҳозирги ҳаётимизга шукроналик ва буюк келажагимизга ишонч туйғуларининг шаклланишига асос бўлиб хизмат қилади.  

Абдуносир БОБАМИРЗАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси,

Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими ходими

Read 901 times

Янгиликлар

Top