Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни Самарқандга ташриф буюрдилар. Бу Президент расмий веб-сайтида хабар берилди. 

Давлатимиз раҳбари Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди. 

Шавкат Мирзиёев мазкур мажмуада олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. 

Президентимизнинг шу йил 25 январдаги “!Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

Аввалроқ, 2017 йил 31 август куни пойтахтимизда, 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида мустақил давлатимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг улуғвор ҳайкаллари очилган эди. 

Айни пайтда Ислом Каримов дафн этилган ёдгорлик мажмуаси ҳудудида сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. 

Президентимиз 2017 йил 27 август куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида мақбара қурилишини якунига етказиш, зиёратчилар учун шароитларни янада яхшилаш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Ўтган вақт мобайнида бу ерда кенг қамровли ишлар бажарилди. Натижада мажмуа яхлит меъморий ансамблга айланди. Мақбара атрофида Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун ҳолда миллий услубда айвонлар барпо этилди. Зиёратга чиқиш ва тушиш йўлаклари чети мармар панжара билан ўралди, қариялар учун замонавий лифтлар ўрнатилди. 

Зиёратга келувчиларга йилнинг тўрт фаслида ҳам қулай бўлиши учун зарур шароитлар яратилди. Атрофдаги йўлаклар таъмирланиб, автомобиллар тўхташ жойи барпо этилди. Қабристон девори реконструкция қилиниб, ҳудуди янада ободонлаштирилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари зиёратгоҳга келувчилар учун катта қулайликлар яратилганини таъкидлаб, бу ердаги шароитларни янада яхшилаш бўйича мутасаддиларга тавсиялар берди.

ЎМИ матбуот хизмати

Read 5184 times

Янгиликлар

Top