Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ташаббуси билан 2027 йил Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилинади

26 февраль куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош қароргоҳида Ташкилот Бош Ассамблеяси томонидан "2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили" резолюцияси бир овоздан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган ушбу резолюцияга 80 дан ортиқ аъзо мамлакат ҳаммуаллифлик қилди.

Ҳужжат матнини мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатлашувларда Россия, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Туркия, Германия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи делегацияси, Япония, Корея Республикаси, Миср, Бразилия, Аргентина каби етакчи давлатларнинг экспертлари фаол иштирок этди ва резолюция мазмунини бойитишга муҳим ҳисса қўшди. БМТга аъзо давлатлар вакиллари ушбу резолюциянинг тақдим этилиши ўз вақтида ва долзарб эканини қайд этдилар.

Ҳужжатнинг бош мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил октябрида Самарқандда бўлиб ўтган БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида туризм соҳасининг янги муаммолар ва замонавий хатарлар олдида барқарорлиги ва мослашувчанлиги борасида билдирилган фикрларига асосланган.

Давлатимиз раҳбари томонидан туризмнинг турли цивилизациялар бой маданий меросини асрашда, тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашда, халқларнинг қадриятларини ҳурмат қилишда муҳим ўрин тутиши тўғрисида баён этилган тамойиллар ушбу резолюцияда мустаҳкамланган.

Ҳужжатда экология, биохилма-хилликни асраш ва атмосферанинг ифлосланишини камайтириш йўлида "яшил" туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Резолюция 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилишни қарор қилади ҳамда БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилотини ҳукуматлар, БМТ тизимидаги тузилмалар, минтақавий ташкилотлар билан биргаликда йилни муваффақиятли ўтказиш учун комплекс чоралар кўришга чақиради.

Резолюцияда барқарор туризмни, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, иқтисодий ўсиш, тўлиқ бандликни таъминлаш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ва қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилувчи экотуризмни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланади.

Резолюция барча манфаатдор томонларга барқарор ва яшовчан туризмни камбағалликни бартараф этиш, аёллар, ёшлар, кексалар ва ногиронларнинг иштирокини рағбатлантириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ҳамда муносиб иш жойлари ва даромад манбаларини яратишнинг муҳим воситаси сифатида фаол илгари суришни тавсия этади.

Ҳужжат билан БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилотига ушбу резолюциянинг амалга оширилиши юзасидан БМТ Бош Ассамблеясининг 83-сессиясида (2028 й.) ахборот бериш, бунда Халқаро йил қай даражада ўтказилганини баҳолашга алоҳида эътибор бериш топширилди.

Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган резолюция туризм саноатининг глобал даражада янги босқичга кўтарилишини бошлаб беради.

President.uz

Read 709 times

Янгиликлар

Top