Ўзбекистон янгиликлари

Ғайратли бўлсак, миллат ислоҳ топади

#Ўқув_семинар

Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга барча масъул. Бу ишдан ҳеч ким четда турмаслиги керак. Зеро, шу азиз Ватанда тинч-тотув, роҳат-фароғатда яшаш бевосита тинчлик-осойишталикка боғлиқ.

Бугун, 29 февраль куни Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган отинойилар ва туманлар тарғибот гуруҳлари мутахассислари иштирокида ўқув-семинари ташкил этилди.

Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосарлари Абдуллоҳ домла Йўлдошев ҳамда Эргашали домла Рустамов кириш сўзи билан очиб бердилар.

Улар бугунги кунда диний соҳа ҳодимлари, шу жумладан, отинойиларнинг масъулияти, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ўрни, жамият ривожида уларнинг вазифалари, турли ёт ғоялар таъсиридан халқимизни ҳимоя қилиш, соф Ислом дини таълимотининг асл моҳиятини кенг оммага етказиш ва жаҳолатни илм-маърифат билан енгиш мумкинлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ёшлар билан ишлаш ва маънавият бўлими бошлиғи Мунира Қаҳҳорова Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида билдирилган устувор йўналишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Ибрат домланинг “Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур”, деган ҳикматли сўзларини ёдга олди.

– Муҳтарам Юртбошимиз ўз нутқларида бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак, – деди Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Сирож солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров. Маърузачилар бугунги кунда мазҳабсизлик, мутаассиблик, экстремизм ва терроризм масаласи мусулмон дунёсидаги энг глобал муаммога айланиб бораётгани, буларнинг олдини олишда мутаассибликка мойиллиги бор, ёт ғоялар таъсирига берилган хотин-қизларни уйма-уй юриб, маҳаллабай ўрганиш механизми ёрдамида улар билан психологик семинар-трейнинглар ўтказишнинг тамойиллари ва усуллари ҳақида батафсил тушунчалар беришди.

Семинар маъруза-амалий машғулот тарзида ўтказилганлиги боис, савол-жавоб усулидан фойдаланилди. Шунингдек, отинойиларнинг саволларига Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова жавоблар берди, фикр-мулоҳаза ва таклифлар тингланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Read 838 times

Янгиликлар

Top