Ўзбекистон янгиликлари

Янги “Оқ уй” жомеси Рамазонга муносиб ҳадя бўлди

Рамазон ойи арафасиа янгидан бунёд этилаётган, қайта қурилаётган масжидларни кўриб, кўзинг қувонади, беихтиёр шукроналар айтасан, киши.
Жорий йил 9 март куни пешин намозида Тошкент шаҳри Миробод туманида янги барпо этилган “Оқ уй” жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди. Уни очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, диний соҳа вакиллари, маҳалла оқсоқоллари ва кўплаб намозхонлар иштирок этди.
Ҳомиджон домла йиғилганларни янги масжид ва Рамазони шариф билан қутлар экан, кейинги йилларда Раҳмат ойи арафасида масжидлар янги қиёфа акс этиши анъана тусига кириб бораётганини таъкидлади. Бундай ободлик ва диний равнақ бардавом бўлишини тилади. Шу билан бирга Аллоҳнинг байтини обод қилишнинг ажру мукофотлари улкан эканлиги ҳақида сўз юритиб, уларнинг ҳақларига дуо қилдилар.
Очилиш маросимида Ҳомиджон домла Ишматбеков шу пайтгача Тошкент шаҳридаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаб келаётган Исроилжон домла Исмоиловни "Оқ уй" жоме масжидига имом-хатиб этиб тайинланганини жамоатга таништирди.
Эндиликда мазкур масжид қавми янги жомеда ибодатларни эмин-эркин, хушу-ҳаловатда адо этадилар, иншоаллоҳ.
“Оқ уй” жоме масжиди замонавий талаблар асосида барпо этилган масжидда намозхонлар учун барча қулайликлар ҳозирланган. Озода ва шинам таҳоратхона, маъмурий бинолар, кутубхона ва бошқа хизмат кўрсатиш хоналари мавжуд.
Аллоҳнинг байтини обод қилаётган азизларга Яратганнинг розилиги насиб қилсин, юртимиз фаровонлиги бардавом бўлсин! 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 873 times

Янгиликлар

Top