Ўзбекистон янгиликлари

Бунёдкорлик ишлари давом этмоқда

Бугун озод ва обод юртимиз янада чирой очмоқда. Айниқса, пойтахтимизда қурилаётган, иқтисодий, маданий-маърифий тараққиётимизга хизмат қиладиган иншоотлар кўзимизни қувонтирмоқда. Буюк бунёдкор, меъмор Соҳибқирон авлодлари яна муҳташам ва кўркам бинолар қуришмоқда. Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур “Ободончиликка ярайдиган бирон қарич ернинг ҳам зое бўлишини раво кўрмасди”. Унинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”, деган сўзлари фикримизнинг далилидир.
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 17 ноябрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманига ташриф буюриб, туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Ташриф даомида муҳтарам президентимиз: “Бу уйларни бировларга кўз-кўз қилиш учун эмас, аҳоли манфаатларини ўйлаб бунёд этмоқдамиз”, дедилар. Шундан ҳам билса бўладики, бу юртда инсон азиз, унинг манфаатлари биринчи ўринга қўйилади. Зеро, инсон манфаатларини кўзлаган ислоҳотлар, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган эътибор, шаҳару қишлоқларни обод этиш замирида оилавий бахт, мустаҳкам оиланинг барқарор бўлишидек улкан бир мақсад ётади.
Ташриф мобайнида Президентимиз 18-мактабгача таълим муассасасида яратилган шароитлар билан ҳам танишдилар. 300 ўринга мўлжалланган икки қаватли муассасада 3,7 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Мусиқа, чет тиллари тўгараклари, спорт машғулотлари ўтказиладиган хоналар зарур қўлланмалар, кўргазмали қуроллар, замонавий спорт буюмлари билан жиҳозланган. Хоналарни ёритишда энергия тежамкор ускуналардан фойдаланилмоқда. Президентимиз мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, асосий эътиборни болаларнинг таълим-тарбиясига, тарбиячиларнинг малакасини оширишга қаратиш кераклигини таъкидладилар.
Диний таълимотларда ота-она ўз фарзандларига таълим-тарбия бериши ҳам долзарб вазифалардан деб қаралади. Бу ҳақда Муҳаммад алайҳиссалом: “Фарзандларингизга таълим беринг, чунки улар сизники бўлмаган вақт учун туғилганлар”, деб ҳар бир ота-онани боланинг ўз замонаси илм-фани, таълимига бефарқ қарамасликка чақирганлар. Тарбияда энг муҳим восита бу меҳр ва ширинсўзлик билан тарбиялашдир. Бу икки восита бир бўлиб, болани шакллантиради. Бундан кўринадики, таълимнинг аввали ҳам яхши тарбиядан бошланади. Ислом таълимотида ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб улғайишига жиддий аҳамият берилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга ип йигиришни ўргатинглар”, деганлар.
Хулоса қилиб айтганда, бугун юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончиликни ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган шаҳару қишлоқларни кўриб, кишининг кўзи қувонади, дили яйрайди. Шуларни ҳис этарканмиз, фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун суюниб яшайлик, уларнинг ёшлик йиллари саодатли, шукуҳли замонга тўғри келганини уларга англатайлик, буларнинг барчасига шукр қилайлик. Токи улар Худо берган бутун куч-ғайратим, ақл-заковатим ва истеъдодим, олган билим ва тарбиямни мана шу юрт учун, ота-онам обрўси учун, дину диёнатим, эл кори учун сарф қиламан, деб ғурур ва ифтихор билан яшашга ўргансин, гўзал диёримиз ривожига ҳар куни муносиб ҳиссасини кўшадиган бўлиб ўсиб-улғайсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 6907 times

Янгиликлар

Top