Ўзбекистон янгиликлари

“Ягона олимпиада–2024” ғолиби олий диний таълим муассасаси талабаси бўлди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими томонидан ҳар йили республикадаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари ўртасида “Ягона олимпиада” билимлар беллашуви ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 21 май куни “Ягона олимпиада – 2024” билимлар беллашувининг якуний республика босқичи Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида бўлиб ўтди. Унда 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари кесимида биринчиликни қўлган киритган талабалар иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Танловни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов кириш сўзи билан очиб, олимпиада қатнашчиларига муваффақият тилади.
Диний идоранинг Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов танловнинг тартиб-қоидалари билан иштирокчиларни таништирганидан сўнг талабалар араб тили, фиқҳ ва ақоид фанлари бўйича беллашувга киришишди. Улар навбатма-навбат тест саволлар китобчасини олиб, тайёргарликни бошладилар. Тест жараёнларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ҳамда Тошкент ислом институтининг малакали профессор-ўқитувчилари баҳолаб борди.
Қизғин кечган баҳслардан сўнг, якуний натижалар қуйидагича бўлди:
I-ўринни “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Нажиматдинов Мухаматдин Нажиматдин ули қўлга киритди. У “Вақф” хайрия жамоат фонди гранти асосида олий диний таълим муассасасига конкурссиз ўқишга кириш, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали диплом ва 7 миллион сўм пул мукофоти соҳибига айланди;
II-ўринни “Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Абдубаннаев Яҳёхон Аъзамжон ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган балнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали диплом ва
5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди;
III-ўринни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом ислом таълим муассасаси Абдужалилий Комилжон Абдухалил ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган балнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали диплом ва 5 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, II ва III -ўринни эгаллаган иштирокчилар ўқишга кирган тақдирда, бир ўқув йили тўлов-контракт пулларининг 50 фоиз миқдори “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тўлаб берилиши маълум қилинди.
Танловнинг бошқа иштирокчиларига ҳам қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Аллоҳ таоло олимпиада ғолибларига имтиёз ва совринларни муборак қилсин, илм йўлидаги мусобақаларини бардавом бўлишини насиб этсин!

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Абдуносир БОБАМИРЗАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий тадқиқот бўлими мутахассиси

Read 475 times

Янгиликлар

Top