Ўзбекистонда Ислом Тараққиёт Банкининг минтақавий директори Ҳишом Толиб Маъруф жаноблари бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди.
Бугун, 21 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кичик мажлислар залида Ўзбекистондаги ислом цивилизасияси маркази директори Ш.Миноваров делегация аъзоларини қабул қилди.
Меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Самарқандда қурилаётган халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда қуриладиган Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси ва илмий концепцияси билан яқиндан танишдилар.
Делегация раҳбари Ҳишом Толиб Маъруф Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази лойиҳаларига ижобий баҳо берди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ўзбек халқи учун ҳам, Имом Бухорийни ўзига устоз санайдиган бутун мусулмон уммати учун ҳам бирдек фойдали бўлади.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирлар меросини ўрганиш учун олимлар ва тадқиқотчилар ташриф буюришларига ишонамиз, дея ишонч билдирди. Амалга оширилаётган лойиҳаларда Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонга яқиндан ёрдам кўрсатади, дея ишонтирди.
Маълумот учун, Ислом тараққиёт банки(ИТБ) 1975 йилда ИҲТ мамлакатлари молия вазирлари йиғилишининг қарорига кўра ташкил этилган. ИТБнинг штаб-квартираси Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган.
ИТБнинг Ҳудудий офислари 1994 йили Работ (Марокаш)да, шу йили Куала-Лумпур (Малайзия)да, 1997 йили Олма-Ота (Қозоғистон)да ва 2008 йили Дакар (Сенегал)да очилди. Банк шунингдек 12 та аъзо мамлакат Афғонистон, Озарбайжон, Бангладеш, Гвинея, Индонезия, Эрон, Нигерия, Покистон, Сьерра-Леона, Судан, Ўзбекистон ва Яманда маҳаллий ваколатхоналарга эга.
ИТБнинг асосий вазифаси аъзо-мамлакатларда шариатга мувофиқ ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Банк ташкил этилаётган вақтда унинг низом жамғармаси 6 млрд.исломий динорни, аъзолари сони 22 тани ташкил этган. Исломий динор – ИТБ фойдаланадиган ҳисоб бирлиги; бир исломий динор ХВЖнинг бир қарз олиш махсус ҳуқуқига (CDR IMF) тенг (ҲВЖ томонидан чиқариладиган сунъий заҳира ва тўлов воситаси). Ҳозирги вақтда ИТБга иштирокчи аъзолар 56 та давлат ҳисобланади. 2013 йили ИТБнинг эълон қилинган ҳиссадорлик капитали – 30 млрд.исломий динорни, шу жумладан, обуна ҳиссадорлик капитали – 18 млрд.исломий динорни ташкил этди. Банкнинг асосий ҳиссадорлари Саудия Арабистони(23,6% акция), Ливия(9,5%), Эрон(8,3%), Нигерия(7,7%), БАА(7,5%), Қатар(7,2%), Миср(7,1%), Туркия(6,5%) ва Қувайт(5,5%) ҳисобланадилар.
2013 йилда ИТБ бошқарувчилар кенгаши умумий ҳиссадорлик капиталини 30 млрд.исломий динордан 100 млрд.исломий динор(150 млрд.доллар)га кўтариш ҳақида қарор қабул қилди. Банкнинг обуна капитали ҳам 18 млрд.исломий динордан 50 млрд.исломий динорга оширилди. Ушбу қарор аъзо-мамлакатларнинг молиялаштириш маблағларига бўлган катта эҳтиёжи билан боғлиқ.
Сўнгги 12 йил давомида етакчи рейтинг агентликлари (Moodys, Standard&Poors, Fitch) томонидан ИТБга узоқ муддатли кредит рейтинги - “ААА” ва қисқа муддатли олий барқарор кредит рейтинги – “А+” бериб келинмоқда. 2013 йилнинг декабрида ушбу рейтинглар яна тасдиқланди.
http://old.muslim.uz/index.php/english/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/4076-islom-tara-ijot-banki-delegatsiyasi-bilan-uchrashuv-b-ldi#sigFreeId237caea954