Ўзбекистон янгиликлари

Самарали ташриф: марҳум имом домла оиласига эътибор, бўлажак ҳожилар билан самимий мулоқот

Бугун, 24 май куни вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев Фурқат туманига ташриф буюрди.

Дастлабки ташриф манзили "Уста Юсуфжон наққош" ҳунармандчилик мактаби бўлди. У ерда муқаддас ҳаж амалларини адо этиш тараддудида бўлган туманлик зиёратчилар билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Убайдуллоҳ домла зиёратчиларни муборак сафар билан қутлаб, Ҳаж амалларини бажариш тартиби, ҳожилик мақоми ва масъулияти ҳамда ҳажжи мабрурнинг фазилатлари ҳақида суҳбат қилиб берди. Ишчи гуруҳ ва гуруҳ раҳбарларининг тавсия ва кўрсатмаларига амал қилиш, бу эса ибодатни мукаммал ва осон адо этишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Зиёратчилар суҳбатни мароқ ва ҳаяжон билан тинглаб, ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоб олдилар.

Шундан сўнг, вилоят бош имом-хатиби бошчилигидаги бир гуруҳ вакиллар Фурқат тумани бош имом-хатиби ҳамда "Ал-мадинатул мунаввара" масжиди имом-хатиби вазифасида хизмат қилган, бахтсиз ҳодиса туфайли оламдан ўтган Анваржон домла Пармонқулов хонадонига ҳам ташриф қилиб, марҳум домланинг оиласи ва яқинлари ҳолидан хабар олдилар. Қуръон тиловат қилиниб, дуога қўл очилди. Имом домланинг хизматлари эътироф этилиб, оиласига моддий ёрдам кўрсатилди. Анваржон домланинг онаси ва фарзандларидан кўнгил сўраб, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг дуо ва таъзиялари етказилди.

Вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев жума намозини туманидаги "Чилгижийда" масжидида адо этди. Масжидга келган жамоат "Пайғамбаримиз яхши кўрган амаллар" мавзусидаги жума мавъизасидан баҳраманд бўлдилар.

Мўминлар бир-бирларига нисбатан ширинсўз, ҳамжиҳат бўлиши, бошқалар ҳақида яхши гумонда бўлиш, гўзал хулқли бўлиш мақталган сифатлардан, аксинча, ўзаро жанжаллашиш, ёлғон гапириш қайтарилган ишлардан экани таъкидланди. Шунингдек, мўмин-мўминалар илмли, хайру саховат эгаси бўлиш, омонатдорлик ва ростгўйлик каби сифатлар кишини икки дунё саодатига етаклаши эслатилди.

Шунингдек, ташриф асносида Фурқат туманига бош имом-хатиб тайинлангани билдирилди. Унга кўра, "Чилгижийда" масжиди имом-хатиби Нуралиев Рашиджон Хамдам ўғли бажариб турган вазифасидан ажралмаган ҳолда туман бош имом-хатиби вазифасига тайинланди.

 

 

 

 

 

 

 

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 696 times

Янгиликлар

Top